ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасининг хабарига кўра, жорий йилнинг 3 март куни Янгиер темир йўл бекати навбатчиси Янгиер темир йўл бекатидан ўтаётган 3001-сонли юк поездидаги контейнерлардан бирининг эшиги очиқлигини аниқлаган.
Юк поездининг 36-ўрни платформаси устига ортилган контейнер Гулистон темир йўл бекатида Сирдарё вилояти ИИБ ТХТБ ходимлари ва юк қабул қилиб, топширувчилар иштирокида текширилди. Текширишда контейнернинг пломбаси ҳамда бир табақа эшиги бузилган ҳолда ундаги 770 қопдаги ярим тайёр тери маҳсулотида камомад аниқланган.
Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида ушбу ўғирликни Тошкент вилояти, Бекобод шаҳрида яшовчи фуқаролар У.Н., Ш.И., Д.У. ҳамда М.Р.лар содир этганлиги аниқланган. Улардан 16 та қоп ярим тайёр тери маҳсулоти далилий ашё тариқасида олинган ва контейнерга комиссия аъзолари иштирокида юкланиб, камомад бартараф этилган.
Ўғирлик содир этишда гумонланган шахсларга нисбатан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
“Постда”мухбири.
Сирдарё вилояти
