Навоий вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари Бухоро минтақавий темир йўл узелига қарашли “Навоий – Тинчлик” темир йўл бекатлари оралиғида навбатдаги профилактик тадбирни ўтказишаёт эди. “Дамас” русумли автомашинанинг тўхтаб-тўхтаб ҳаракатланиши уларнинг эътиборини тортди. Машинани тўхтатиб текширишганида, унинг салонида Самарқанд вилояти Пахтачи туманида истиқомат қилувчи 25 ёшли Х.Э ҳамда 21 ёшли Б.Х борлиги аниқланди.
Машинадаги қопга жойланган қум ходимларда шубҳа уйғотди. Бу ҳақда сўралганида, иккала фуқаро пойинтар-сойинтар жавоб беришди. Шу сабабдан осойишталик посбонлари қум таркибида тилла зарралари бўлса керак деган гумонга боришди. Шунинг учун холислар иштирокида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қоп текширувга жўнатилди. Текширув натижалари уларнинг шубҳасини тасдиқлади. Қопдаги қум Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли корхоналардан бирига жўнатилаётган вагонлардан ўғирланганлиги маълум бўлди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
