Кўплаб манбалар Пойтуғнинг қадимий ҳудуд бўлганлигидан дарак беради. Уларнинг айримлари оғзаки ривоят ва афсоналарга таянса, бошқа бирлари тарихчиларнинг тадқиқотларига асосланади. Аксарият маълумотларда «Пойтуғ» номи Ўрта Осиёнинг араблар томонидан забт этилиши билан боғланган. 

Маълумки, ВИИ асрнинг охири ВИИИ асрнинг бошларида араблар Ўрта Осиёга юриш бошлаб, бирин-кетин турли ҳудудларни қўлга киритади. Моваруннаҳрни босиб олишда араб лашкарларига тажрибали саркарда Қутайба ибн Муслим бошчилик қилган. Бу томонларга Ҳазрати Али етиб келмаган бўлса-да, Қутайба қўлга киритган барча зафарлар унинг номига алоқадор. «Пойтуғ» сўзининг этимологик таҳлили «Пой» – «қадам», «оёқ»; «туғ» эса «байроқ» маъносини ифодалайди. Иккала сўз бирикиб, «Пойтуғ»ни ҳосил қилган. Яъни, «Алининг қадами етиб, ишғол этилган ва ғалаба байроғи кўтарилган жой» маъносини беради. Шунданми, избосканликлар бу шаҳарни «Пойтуғи азиз» деб айтишади. 

Ҳудуд араблар истилосигача шаклланган эди, деган фикрга асосланилса, унинг ёши 

1500 йилга бориб тақалади. Демак, шаҳар 19–20 авлодни кўрган ва кузатган назаркарда жой. Аммо бу манбалар ривоятларга асосланган ҳолда келтирилган. Шаҳарнинг илмий текширишлар асосидаги талқини эса бошқачароқ фаразларга таянади. 

Улардан бири – Пойтуғ – Фарғона водийсига эрамизнинг В асридан Тяншон томонидан кўчиб кира бошлаган туркий қабилалар, шунингдек, ВИИИ асрдан арабларнинг келиши натижасида машҳур Элатон вайронагарчиликка учраганидан сўнг пайдо бўлган қадимий макондир. 

Иккинчи талқин – араб аскарлари Элатон шаҳрига ҳужум қилганларида элатонликлар арабларни шаҳар ташқарисида бугунги «Пойтуғ» томондан қарши олган. Халқ оғзидаги «Али шу ерга байроғини тиккан» деган афсона бу ерда жанг бўлганидан дарак беради. Қадимга турк тилида «Бай» – «тутмоқ», «Боғламоқ» маъносида ишлатилади. У ҳолда «байтуғ», яъни «байроқ тутмоқ» дегани бўлиши мумкин.

 Маҳмуд Қошағарийнинг «Девони луғатит-турк» асарида «пойтуғ» атамаси «тўғон таги», «тўғон ёни» деган маънони беради. Аммо бу атама этимологияси ҳали тилшуносларимиз томонидан тўла аниқланганича йўқ. 

Яна бир талқинга кўра, ХИВ асрнинг иккинчи ярмида Мўғулистон ҳукмдори Қамариддин Фарғонага ҳужум уюштиради. Соҳибқирон Амир Темур душманни узил-кесил йўқ қилиш мақсадида тоғ орқали водийдаги «Бойтоғ» деган мавзега тушиб келган. Шарафиддин Али Яздий эса бу мавзени «Пойтоғ» деб ёзади. Таҳлиллар эса улуғ саркарда 1376-йилнинг қишида 53 кун турган бу ҳудуд катта эҳтимол билан ҳозирги Пойтуғ эканлигини англатади. 

Нигора 

ТЎХТАМАТОВА,

журналист.

Андижон вилояти.