Шайхонтоҳур туманида пробация назоратида турган шахслар билан навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Тадбир “Ботир Зокиров” номидаги Миллий эстрада санъати институти мажлислар залида ташкил этилди.

Учрашувда туман ИИОФМБ масъул ходимлари ҳамда жиноят ишлари бўйича туман суди судяси А. Мирзаханов иштирок этди.

Тадбир давомида ёшларни салбий иллатлардан асраш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, гиёҳвандлик, экстремизм ва кибержиноятлардан ҳимояланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, амалдаги қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда жазони ижро этиш тартиблари юзасидан тушунтиришлар берилди. Учрашув якунида сайёр суд мажлиси ўтказилиб, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган 5 нафар шахс Жиноят кодексининг 73-моддаси асосида жазони ўташ муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Бундан ташқари, ёшларга яратилаётган имкониятлар, имтиёзлар ва уларнинг жамиятга мослашувини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.