Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт тумани маҳаллалари кундан-кунга чирой очиб бормоқда. Хусусан, «Янги умид» маҳалласига келган ҳар бир инсоннинг баҳри дили очилади. Замонавий кўп қаватли уйлар ва турли бино-иншоотлар қад кўтарган. Айниқса, маҳалла фуқаролари мунтазам спорт билан шуғулланиши учун маҳобатли спорт мажмуаси барпо этилгани қувонарли ҳолат.  

Жамолиддин Аҳмаджонов мазкур маҳалла осойишталигига масъул бўлган профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси. 

У маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳабибулло Тиллаев, профилактика инспектори, капитан Суннат Тўраев билан ҳамкорликда ҳудуд ободлиги, тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 

– Ҳудудимизда 21 та кўп қаватли уй бўлиб, уларда 5580 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди капитан Суннат Тўраев. – 1 та мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 3 та хусусий клиника ўз фаолиятини олиб бормоқда. Жамолиддин берилган топшириқларни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилади. Маҳаллада истиқомат қилувчи вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлашда, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишда бизга яқин кўмакчи.

Яқинда у маъмурий назоратда турган, суд томонидан белгиланган чекловларни бузган шахсни аниқлаб, ўз ҳушёрлигини намоён этди. 

Лавҳамиз қаҳрамони оилали. Икки нафар фарзанди бор. Унинг орзуси ички ишлар органи ходими бўлиш. Мақсади сари илдам қадамлар ташлаётган Жамолиддиннинг ҳозирги фаолияти унинг учун муҳим тажриба мактаби вазифасини ўтамоқда.

Сарвар СОБИРОВ,

ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри.