Жорий йилнинг 26 март куни Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П. Бобожонов ҳамда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Д. Қодиров раислигида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқ ва кўрсатмалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Ш. Алиэв тегишли хизмат раҳбарлари иштирокида профилактика инспекторлари билан юзма-юз учрашиб келмоқда. Учрашувларда асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 март кунидаги "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳияти яна бир бор тушунтирилиб, маҳаллаларда “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида ишлаш тизими бўйича тавсиялар берилмоқда.
Яқинда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Ш. Алиэв, бошқарма бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ж. Болтаэв ва Ўз хавфсизлик бошқармаси вилоят бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Ж.Тўраэвлар Шофиркон ва Вобкент туманлари профилактика инспекторлари билан очиқ мулоқот ўтказишди. Полковник Ш. Алиэв ҳар бир профилактика инспектори билан самимий мулоқотда бўлиб, бугунги кунда тизим ходимлари зиммасидаги вазифалар, уларни амалга оширишнинг механизмларини бирма-бир тушунтириб, билдирилган ишонч ва эътибордан хулоса қилган ҳолда, хизмат фаолиятини янги босқичга кўтариш лозимлиги, бунда берилган топшириқ ва кўрсатмалар юзасидан ижрочилик, хизмат интизоми ва қонун талабларига оғишмай амал қилиш, фуқароларнинг дарду ташвиши билан яшаб, ўз хизмат ҳудудида обрў ва эътиборга сазовор бўлиш орқали фуқароларимизнинг ички ишлар органлари ва давлатдан рози бўлишига эришиш мумкинлигини таъкидларкан, айни пайтда, профилактика инспекторларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тинглади.
Шофирконда ўтказилган учрашувда туман ҳокими Ш. Ҳакимов ҳам иштирок этиб, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш мақсадида 10 дона замонавий компъютер жамланмаларини тақдим этди.
Бу каби очиқ мулоқатлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари Иибда давом этмоқда.
Ш. ЖАЛОЛОВ,
подполковник.
Бухоро вилояти.
