ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 6-минтақавий ҳудуд раҳбариятининг ташаббуси билан жорий йилда биринчилардан бўлиб, тизимда хизмат олиб бораётган психолог ходимлар билан «Психологик хизмат кўрсатиш амалиёти» мавзусида ўқув-амалий семинар машғулотлари ташкил этилди. Машғулотлардан кўзланган асосий мақсад жазони ижро этиш муассасаларида хизмат қилиб келаётган психолог ходимларнинг малака ва тажрибасини янада ошириш, ходимлар ва колонияларда сақланаётган маҳкум ҳамда маҳбуслар билан ишлаш, уларнинг психологик ҳолатини мунтазам назорат қилиб бориш, турли руҳий бузилишлар ва салбий ҳолатларнинг олдини олишдан иборат.

Индивидуал тафовутлар психологияси, ички ишлар органлари ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишда психологик тестларнинг ўрни, омма олдида нутқ сўзлаш орқали психологик таъсир кўрсатиш, маҳкум психологияси ва профайлинг тизимининг психологик хусусиятлари мавзуларини қамраб олган семинарда иштирокчилар фаол қатнашди. 

Шундан сўнг улар 4-сонли тергов ҳибсхонасида амалий психологик тренинг жараёнларида иштирок этишди. Семинар машғулотларининг иккинчи кунида эса 1-сонли жазони ижро этиш муассасасида бўлишиб, у ерда олиб борилаётган психологик ишлар тартиби билан яқиндан танишишди. Колонияда ташкил этилган психологик хизмат хонасида маҳкумлар билан тренинг машғулоти ўтказилди. Ушбу жараёнда барча психологик ходимлар бевосита иштирок этишди.

Ўқув семинар машғулоти сўнгида иштирокчиларга 6-минтақавий ҳудуд раҳбарининг сертифакатлари тантанали равишда топширилди. Шундан сўнг иштирокчилар вилоятдаги тарихий обидалар ва қадамжоларга ташриф буюришиб, тадбирдан ўзгача таассурот билан қайтишди.


Ш. РАДЖАБОВ,

Олтинчи минтақавий ҳудуд минтақавий

мувофиқлаштириш маркази бошлиғи, 

подполковник.