Инсон қадри улуғ
Музработ тумани ИИБ ЖХХ ЖЦГ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси катта назоратчиси, сафдор Нуриддин Зулфиқоров ва унинг оиласи учун янги 2025-йилнинг қадами қутлуғ келди. Сабаби, ота-онаси, ака-укалари билан 4 хўжалик битта уйда яшаб келаётган унинг оиласи учун «Янги ҳаёт» маҳалласида вилоят ИИБ ҳомийлигида барпо этилган 2 сотихли янги уй ажратилди.
Байрам арафасида Нуриддин Зулфиқоровнинг оиласи янги уйга кўчиб ўтишди. Бундан сафдор ходимнинг ота-онаси, айниқса, турмуш ўртоғи Қурбоной Йўлдошеванинг боши кўкка етди.
— Буни сираям кутмагандим, — дейди Қурбоной. — Шундай шинам, шароитлари ҳам яхши уйда яшаш фақат орзу бўлган мен учун. Қайнота-қайнонамнинг уйида ҳам 3 овсин аҳил-иноқ бўлиб яшадик. Энди эса ўзимизнинг уйимиз бор. Бундан яқинларимиз ҳам жуда хурсанд. Турмуш ўртоғимнинг шундай касб эгаси эканлигидан фахрланаман.
Асли музработлик Нуриддин Зулфиқоров ички ишлар органларида хизмат фаолиятини юритаётганига ҳам 14 йил бўлди. Илк хизмат фаолиятини Термиз шаҳар ИИБ 9-сонли тергов ҳибсхонасида назоратчи вазифасида бошлаган. Ўз касбини яхши кўради, барча билан хушмуомала бўлишга ҳаракат қилади.
Хизмат фаолиятим давомида турли инсонларни кўрдим, турфа ҳолатларга гувоҳ бўлдим, – дейди сафдор Нуриддин Зулфиқоров. – Ҳаётга қарашим ўзгарди ва англадимки, қийинчиликлар инсонни тоблар экан. Бу дунёда, у ким бўлишидан қатъи назар, яхши муомалада бўлиш керак экан. Чунки инсон одамийлиги билан азиздир. Янги уйлик бўлганимиз мен учун ҳам ажойиб совға бўлди. Биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаётгани учун давлатимиз раҳбарига оилам номидан миннатдорлик билдираман.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Сурхондарё вилояти.
