Самарқанд вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси Самарқанд туристик марказида хавфсизликни таъминлаш бўлими ситуацион таҳлил бўлинмаси катта мутахассис- оператори, маёр Шерзод Ғаниев қўлида гитара ушлаб келаётган ўспирин йигитчани саволга тутди:
– Олти ойдан бери гитара чалишни ўрганаяпман, – деди ўсмир.
– Унда қўлинг анча келишиб қолгандир?
– Ҳа, истайсизми, чалиб кўрсатаман?
– Албатта.
Иккаласи «Боқий шаҳар» туристик мажмуаси бўйлаб юришди. Йўл-йўлакай танишиб олишди. Акбар шу ердаги ўриндиқлардан бирига ўтириб, гитара чалиб, қўшиқ хиргойи қилди. Маёр Ғаниев ҳам унга жўр бўлди.
– Ҳа, чаккимас. Астойдил қизиқсанг, буни машқ қил, – деди Шерзод.
Лавҳамиз қаҳрамони ҳам болалигида қўшиқчи бўламан, дерди. Бу орзуси ҳаттоки тушларига ҳам кириб чиқарди. Аммо йиллар ўтиб санъатни эмас, ҳуқуқшуносликни танлади. 2014-йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаб, вилоят ИИБ ШТБИХ тарбиявий ишлар бўлинмаси инспектори сифатида иш бошлади. Ўтган йиллар давомида турли лавозимларда хизмат қилди. Бугунги кунда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли вазифани адо этмоқда.
Унинг юрагида ҳассос бир олам яширин. Куйлайдиган қўшиқлари ўзининг ички дунёси, бошидан кечирган ҳаёт синовлари, орзуларининг эътирофи, ифодаси, кўнгил эҳтиёжи.
– Шерзод Ғаниев фидойи ходим. Шунинг билан бир қаторда, ширали овози бор. Қўшиқлари тингловчининг дил торларини чертиб юборади. Ҳеч бир байрам тадбири унинг ижросидаги қўшиқларсиз ўтмайди. Айниқса, Ватанни мадҳ этувчи қўшиқларини эшицангиз, юрагингиз тўлқинланиб кетади, – дейди вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – ХТТБ бошлиғи, подполковник Элдор Алқаров.
Шерзод Ғаниев санъат йўналишидаги турли кўрик-танловларнинг фаол иштирокчиси. 2016-йилда «Ягонасан, муқаддас Ватан!» республика кўрик-танловида фахрли 3-ўринни қўлга киритган. 2024-йилда «Х Фактор» овоз лойиҳасида Самарқанд вилоятида ўтказилган кастинглардан ўтиб, мамлакатимиз миқёсидаги босқичда ҳам ўз истеъдодини намоён этиб, эътирофга сазовор бўлди. Қадрдон гитараси унга хизматдан бўш вақтларида доимий ҳамроҳ. Маёр Шерзод Ғаниев 4 ўғилни тарбиялаяпти. «Уларнинг бири, албатта, санъаткор бўлишини истайман», дейди у.
Умида МАМАДАЛИЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
