Зангиота тумани ИИБ Ташкилий бўлимнинг мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, маёр Шербек 

Раимжонов фуқаронинг аризасини қабул қилиш учун назорат ўтиш пункти томон бораётган эди. Унинг олдига мазкур 

пунктда хизмат вазифасини ўтаётган ёш ходим, сафдор Сарвар Усивалиэв югуриб чиқиб, ташқарида бир аёл ўзини ғалати тутаётганлигини айтади.

Шу аснода автомобиллар тураргоҳида ўрта ёшлардаги бир жувон устига бензин қуйиб, олов ёқиб юборади. Тезкор қарор қабул қилган осойишталик посбони аввалига уст кийими билан, бу фойда бермагач, хизмат учун берилган чойшабни аёлнинг устига ёпганча, ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилади. Аммо аланга кучли бўлганидан, олов унинг кийимларига ҳам ўтиб, натижада Шербекнинг юзи, қоши, сочи, қулоқлари ва иккала қўлининг панжалари куйиб қолади. 

«Тилсиз ёв»ни жиловлашнинг уддасидан чиққан жонкуяр ходимнинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳамкасблари уни ва ёнғиндан қутқариб қолинган аёлни зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб келишади. Шифокорларнинг ўз вақтида кўрсатган тиббий муолажалари туфайли Шербек Раимжоновнинг ҳаёти сақлаб қолинади. Бироқ ўзига суиқасд қилган аёлнинг умри шу ерда поёнига етди. 

– Сафимизда ана шундай мард ходимлар борлигидан жуда фахрландик, – дейди Зангиота тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Шуҳрат Милиэв. – Доимо ўзининг хизмат ва жамоат ишларидаги фаоллиги билан барча сафдошларига намуна бўлиб келаётган Шербек ўз аҳдига содиқ қолиб, эл осойишталиги йўлида, керак бўлса, жонини ҳам аямаслигини амалда исботлади. 

Ёшлигидан ота касбига ҳавас қилган Шербек олий таълим муассасасини тамомлаб, бироз муддат ўзи таҳсил олган мактабда ёшларга таълим берди. Сўнгра вилоят ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида инспектор ва катта инспектор лавозимларида фаолият кўрсатди. Бу борада устозлари, ҳозирда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ташкилий бошқарма таҳлил гуруҳи бош инс­пектори, подполковник Динара Юлчиева ҳамда Тошкент тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи, подполковник Дилшод Толиповларнинг йўл-йўриғи асосида соҳани мукаммал эгаллади. 

– Эл корига ярайдиган ўғилни тарбиялаб вояга етказганимдан бошим кўкка етди, – дей­ди истеъфодаги подполковник 

Абдумўмин Раимжонов. – Жамиятда инсонлардан меҳр-мурувватини аямайдиган одамлар қанчалик кўпайса, муаммолар ҳам шунчалик чекинаверади. Бундай муносабатни биз, аввало, ўзимиздан, сўнгра эса оиламиздан бошласак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Илк фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Андижон вилояти Хўжаобод тумани ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили лавозимида бошлаган Абдумўмин ака кейинчалик мазкур бўлинма ҳамда Қўрғонтепа тумани ИИБ ЖҚБ бошлиғи лавозимларида фаолият юритади. Хизматни ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси ҳамда Коррупсия, рекет ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармасида давом эттирган 

А. Раимжонов бир муддат ИИВ МТ ва ХТБ бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борди. 2005-йилда Қоровул қўшинлари бош бош­қармаси Моддий таъминот бошқармаси озиқ-овқат хизмати бошлиғи лавозимидан соғлиғи туфайли пенсияга чиқади. Эндиликда неваралар қуршовида ўзини бахтиёр сезаётган фахрий доимо юрт тинчлиги йўлида дуо қилишдан чарчамайди.

Айни пайтда, эсон-омон оёққа турган маёр Шербек Раимжонов яна ўз ҳамкасблари билан бир сафда хизмат фаолиятини давом эттирмоқда. Биз унинг она юрт олдидаги масъулиятли фаолиятида улкан зафарлар тилаб қоламиз!

Михли САФАРОВ,

«Постда» мухбири.