Зарнигорнинг айтишича, биз гўзаллигидан баҳра олиб парваришлайдиган хона гулларининг ўзига яраша хусусиятлари бўлар экан. Масалан, кўпинча тўсиқ ва безак сифатида ўстириладиган самбитгул (олеандр) олеандрин ва нериин деб номланувчи заҳарли гликозидларни ўз ичига олади. Агар киши ушбу ўсимлик билан заҳарланса, қусиш, юрак уришининг тезлашиши каби нохуш аломатлар кузатилади. Шунингдек, таркибида заҳарли шарбати бўлган ўсимликларни жуда эҳтиёткорлик билан парвариш қилиш кераклигини таъкидлайди. Масалан, уй ҳайвонлари бундай ўсимликларни чайнашидан, болалар уларнинг баргини узишидан сақланиш лозим. Шунингдек, ётоқхонага ҳиди кучли бўлган гулларни қўйишни тавсия этмайди. Улар бош оғриғига сабаб бўлиши мумкинлигини айтади.
– Ҳовлида яшаш барибир бошқача, файзи, таровати бўлади, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Гул ва дарахтлар билан безалган ҳовлидаги гўзал манзарани кўриб орзуманда бўлганман. Худо хоҳласа, ўзимизнинг хонадонни ҳам боғу роғга, чаманзорга айлантиришни ният қилганман.
Қаҳрамонимиз қайси гулни яхши кўрасиз, у гул ҳақида нималарни биласиз, деган саволимизга шундай жавоб берди:
– Ҳамма гуллар бир-биридан гўзал, аммо негадир пион гулини яхши кўраман. Бу гул қадимий тарихга эга ва қадим замонлардан бери гўзаллик ва ҳашаматнинг рамзи бўлиб келган. Хитойда икки минг йилдан кўпроқ вақт олдин танилган ва энг жозибадор гуллардан бири ҳисобланади. Кейинги асрларда пионлар бутун дунёга тарқалди ва кўплаб мамлакатларда машҳур бўлди. Жумладан, Хитой, Япония, АҚШ, Россия ва бошқа мамлакатларда гулларнинг қирқдан ортиқ тури мавжуд. Аслида пион гуллари ўзбекчада «Она меҳри», деб аталиши керак, дейман, негаки тикансиз, озорсиз, ифори ёқимли ва ўзи гўзал-да...
Адолат ФАЙЗИЕВА,
ўз мухбиримиз.
