Ходимлар зудлик билан ўсмирни масканга олиб келишди. Боши чайқалиб, гапларини узуқ-юлуқ гапираётган бу йигитчанинг ёнидан чиққан бир чимдим гиёҳвандлик моддаси хо­димларни туманнинг «Гулистон» маҳалласи томон етаклади. 

Раҳбариятга ахборот берилгач, тезкор гуруҳ томонидан заҳриқотил сотувчи хонадон кузатувга олинди. Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтгач, қоронғу кечада чи­роқларини ўчириб келаётган автомашина овози ходимлар диққатини тортди. Машина ўспирин йигитча берган маълумотдаги хонадон эшиги олдидан бироз нарида тўхтади. Тўсатдан бостириб кирилгач, харидор ва сотув­чилар ўзларини панага, қоронғулик ичига уришди. Аммо ташқарида бирин-кетин қўлга ту­шишди. Тинтув давомида уйнинг ётоқхонасига яширилган махсус пакет топилди. Унда 510 грамм марихуана бор эди. 

Тезкор гуруҳ машинага қайтар экан, тонг ёришаётганди. Хива яна уйғонарди ва одамлар ўз уйларида хавфсиз тонгни қарши олаётганди. Шуҳрат эса, икки ёш йигит, уларнинг оиласи тақдирини ўйлар экан, «Қанийди, бу жиноят охиргиси бўлса эди», деган ўйга чўмди. 

Хива шаҳар ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ходими, капитан Шуҳрат Аминовнинг ўша тунда кўрсатган ҳушёрлиги – бу вилоятда ўтказилаётган кенг кўламли тизимли ишларнинг биридан мисол эди, холос.  

Ўтган йилги профилактик тадбирлар давомида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари хушёрлиги туфайли 146 та жиноят аниқланган бўлса, умумий ҳисобда 242 та жиноят фош этилган. Худди Шуҳрат Аминов каби ҳуш­ёр ходимлар саъй-ҳаракатлари билан 

29 нафар қидирувдаги шахс ушланди. 

16 нафар бедарак йўқолганларнинг тақдири ойдинлашди. Терроризм ва экстремизм билан боғлиқ 136 та ҳолат аниқланиб, уларга ўз вақтида чора кўрилди. 

«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида 4 кгдан зиёд гиёҳвандлик моддалари, 

1618 дона психотроп дори воситалари, 10 та ўқотар ва 7 та пневматик қурол, 7 та совуқ қурол, 132 дона ноқонуний диний адабиёт, 115 та бошқа турли хилдаги ашёлар далил сифатида олинди.

Капитан Шуҳрат Аминов сингари зийрак йигитлар тизим­нинг бир бўлаги ҳисобланади. Улар бир-бирига уланиб, бугунги Хоразм заминидаги тинчлик, осойишталикни яратади. Улар биз учун тун бўйи уйғоқ юради. Биз эса эрталаб ҳавфсиз, бемалол уйғонар эканмиз, борингизга шукр йигитлар, дегинг келади.

Нилуфар ЖАББОРОВА, 

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.