Мен ички ишлар органлари капитаниман. Ўтган йиллар давомида ҳаётимда кўп нарса ўзгарди: иш жойлари, формалар, шаҳарлар, унвонлар. Аммо бир нарса – севимли газетамиз – «Постда-На посту» доим ёнимда бўлди. У хизматим бошидан то ҳозирги кунгача мен билан бирга. У шунчаки, навбатчилик хонасининг бурчагида ётмайди, балки онгимда унвонларимни нима учун олганимни эслатиб тургандек жаранглайди.
«Постда-На посту»ни биринчи марта курсантлик даврида ўқиганман. У қандайдир улуғвор, етук нарсага ўхшарди – бақирмайдиган, аммо сўзига қулоқ солинадиган тажрибали қўмондоннинг овозидек эди. Кейинчалик, ҳақиқий хизмат бошланганида – ўзига хос ташвишлар, уйқусиз тунлар, мураккаб қарорлар билан ҳамкасбларим бу нашрни нима учун қадрлашларини тушундим. У сенинг кимлигингни ҳеч қачон унутмайди. Ҳақиқатни яширмайди. Ва ҳар доим ёлғиз эмаслигингни ҳис қилдиради.
«Постда-На посту» – нашрдан кўра кўпроқ нарса. Унинг ҳар бир сони умумий тарихимизнинг бир саҳифаси. Бу ерда профилактика инспекторининг кундалик ҳаёти ҳам, патрул-пост хизмати ходимларининг жасорати ҳам, фахрийларнинг хотиралари ҳам бор. Бу ерда китоблардаги қаҳрамонлар ҳақида эмас, балки ёмғирда, қорда, ўқ остида, бошқалар уйда ўтирганида хизмат вазифасини бажараётганлар ҳақида ёзишади.
У шунчаки эслаб ўтмайди. Ходимнинг ҳис-туйғуларини, оила аъзоларининг фикрларини, болаларининг у ҳақдаги гапларини етказади. Бу шунчаки хабар бериш эмас, балки ҳурмат кўрсатиш рамзи. Оилам бу нашрнинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутади. Турмуш ўртоғим ҳар доим газетага кўз югуртиради. Айниқса, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисидаги мақолаларга. Ҳатто ўғлим гоҳ-гоҳида: «Дада, сиз ҳақингизда ҳам ёзишадими?» деб сўраб қолади. Мен жилмайиб қўяман. Лекин ичимда шу лаҳзаларда бир ҳис кечади: «Кун келиб ёзишади!»
Бугун газетанинг адади бир неча ўн минглаб нусхада чоп этилмоқда. У ташқи кўринишдан ўзгарди, замонавийлашди, ранг-баранг бўлди. Лекин энг муҳим нарсани – ўқувчига бўлган ҳурматни сақлаб қолди. Унда ҳикоялар, очерклар, ҳатто ҳамкасбларимизнинг бадиий ишланмалари ҳам чоп этилади. Буларнинг барчаси шунчаки ижод эмас. Бу – хизмат. Бу қоғозда мундир шаънини сақлаб қолишдир.
Мен учун газета касбий мактаб ролини ҳам ўйнади. Нашр туфайли соҳадаги анъаналар, сафда, ёнимда турган одамлар ҳақида кўп нарсаларни англадим. Овоз чиқариб сўрашга уялган саволларимга ундан жавоб топардим. У туфайли ёзишни ўргандим – аввал қисқа хабарлар, кейин навбатчилик амалиётидан кичик лавҳалар...
Бирлашган таҳририятдан миннатдорман. Қилаётган эзгу ишлари учун. Ҳақиқатга содиқлик учун. Ҳалоллик ва самимийлик учун. Хизмат ҳақида ғурур билан, аммо дабдабасиз гапира олгани учун.
Бугун газетанинг 95 йиллиги арафасида айтмоқчиманки, «Постда-На посту» – бу қасамёдимизнинг бир қисми. Норасмий, лекин жуда шахсий. У ҳар биримизнинг қалбимизда жаранглайди. Севимли нашримизнинг умри узоқ бўлсин. У бундан буён ҳам навбатчилик қисмида ҳам, уй сукунатида ҳам қулоқ солинадиган овоз бўлиб қолсин. У бунга лойиқ – постда турганларнинг барчаси сингари.
Азамат АҲМАТОВ,
ИИВ Транспорт ва туризм объэктларида хавфсизликни таъминлаш департаменти
Ахборот хизмати бош мутахассиси, капитан.
