— Биз учун ҳар бир ишда синчковлик талаб этилади. Чунки жиноят жойидан топилган маълумот фақат айбдорни топишга эмас, балки бегуноҳларни оқлашга ҳам ёрдам беради. Шу боис ҳар бир из — ҳал қилувчи аҳамиятга эга, — дейди бош эксперт подполковник Ҳасанжон Бегматов.
Экспертлар фаолияти турли соҳаларни қамраб олади — дактилоскопия, трасология, баллистика, хацҳунослик ва кимёвий-техник тадқиқотлари. Улар кўздан қочган майда деталлардан воқеа манзарасини қайта тиклайдилар.
— Жиноятчилар из қолдирмадим, дея ўйлашлари мумкин, — дейди капитан Сардор Муҳиддинов. — Лекин тажрибам шуни кўрсатадики, ҳар бир ҳаракатнинг изи бор. Фақат уни топиш ва тўғри талқин қилиш зарур. Биз айнан шу ишни қиламиз.
Кўп ҳолларда илмий асосда ўтказилган экспертизалар хулосалари жиноятларни тезкор фош этишда, айбдорларни жазога тортишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
— Бир иш эсимдан чиқмайди, шубҳа остига олинган йигитга қарши кўпгина гумонлар бор эди. — Аммо биз топган излар унинг айбсизлигини кўрсатди. Кейин суд уни оқлади. Ана шу лаҳзада ишимизнинг чинакам қийматини ҳис этамиз, фахр туйғусини туямиз, — дейди капитан Жавлон Файзиев.
Замонавий криминалистикада кимёвий экспертизанинг аҳамияти катта. Айниқса, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устида илмий тадқиқотлар мураккаб жиноятларни фош этишда муҳим омил.
Яқинда вилоят ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида хонадонида катта миқдорда яшил рангли, ўткир ҳидли гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда сақлаётган шахс қўлга олинди. Унинг уйидан топилган ва далилий ашё сифатида расмийлаштирилган модданинг ташқи кўринишига қараб ҳақиқий таркибини аниқлаш мумкин эмас эди.
— Ҳар қандай модда ташқи белгисига кўра баҳоланмайди. Чунки гиёҳвандлик воситалари тури кўп, улар баъзан оддий дори-дармон ёки озиқ-овқат қўшимчасига ўхшаб кетиши мумкин. Шунинг учун биз моддани илмий лабораторияда таҳлил қиламиз, — дейди ЭКМ бош эксперти, подполковник Мурод Мансуров.
Топилган модда лабораторияга олиб келингандан сўнг бир нечта босқичда текширилади. Физик-кимёвий таҳлил қилиниб, модданинг ранги, тузилиши, эрувчанлиги ва ҳарорат таъсиридаги ҳолати аниқланади.
Айни ривожланган технологиялар даврида соҳанинг тараққий этиши ходимларнинг илмий ёндашувини тақозо этмоқда. ЭКМ ходимлари ҳам хизмат жараёнида дуч келган ҳолатларга илмий жиҳатдан ёндашиб, хулосаларини аниқ фактлар асосида тайёрлайди. Чунки ҳақиқатга етакловчи йўл – бу ҳар доим фан, аниқлик ва ҳалол меҳнатдир.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
