Азат (исмлар ўзгартирилди) ўзининг ўттиз икки йиллик ҳаёти давомида икки маротаба қилмишлари учун жиноий жазога тортилди. Аммо бундан тегишли хулоса чиқармади, шекилли, яна жиноятга қўл урди.
Олдинги қилмиши учун ахлоқ тузатиш жазосини ўтаб юрган Азат бир куни «Фаcебоок» ижтимоий тармоғи орқали Сарвиноз исмли қиз билан танишиб қолди. Дастлаб шунчаки танишув асносида бошланган муносабатлар кейинчалик дўстликка айланди. Азат қизнинг ишончига киришга улгурган, ҳатто турли масалаларда унга маслаҳатлар бериб турарди. Онлайн мулоқотларнинг бирида эса уддабурон йигит ҳали уйланмаганини, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан бирида ишлаётгани туфайли бунга вақт топа олмаётганини айтиб, агар қандайдир «илтимос» ва «муаммолари» бўлса, бемалол ҳал этишга ёрдам беришини қистириб ўтди. Унинг бу сўзлари қизга ўзгача таъсир қилиб, ижтимоий тармоқда унга янада боғланиб, деярли ҳар куни гаплашадиган бўлишди.
Кунлардан бирида Азат Сарвинозга хоҳласа олий таълим муассасасига ишга жойлаштириб қўйишини, бунинг учун 1000 АҚШ доллари миқдорида пул зарурлигини таъкидлайди. Ҳатто ушбу пуллардан 3 миллион 500 минг сўмини олишга ҳам эришади. Кейинчалик, ушбу масала ҳал бўлмасдан туриб, яна қизни алдашга киришади. Бу сафар Сарвинозга жиянини олийгоҳга ўқишга киритишга ваъда бериб, бунинг эвазига 15 млн сўм пул талаб қилади, унинг 7 миллионини олишга ҳам улгуради. Орадан яна маълум муддат ўтгач эса, қизнинг 5 миллион сўм пулини ўзининг банк пластик картасига ўтказиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Ҳар қандай ёлғон куни келганида фош бўлиши аниқ. Азатнинг ваъдалари ҳам вақт ўтгани сари ёлғон экани ойдинлаша борди. Шунда Сарвиноз унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ички ишлар органига мурожаат қилди...
Тергов жараёнлари ва суд мажлиси давомида Азатнинг айби тўлиқ исботини топиб, унга келтирилган зарарни тўлиқ қоплаш билан бирга, тегишли жазо чораси тайинланди.
Азамат ПИРНИЯЗОВ,
ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.
