Тошкент вилояти ИИББ ҳамда Ўрта Чирчиқ ва Бекобод туманлари ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тадбирлар давомида ноқонуний қимор ўйинлари ташкил этилган ҳолатлар аниқланди.
Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманида
34 ёшли Арслон Ашуров (исм-шарифлар ўзгартирилди) Тошкент йўли кўчасида жойлашган умумий овқатланиш масканидаги хоналардан бирида 7 нафар шахсга ҳар бир ўйин учун 100 минг сўм эвазига қимор ўйнаш учун шароит яратиб бергани маълум бўлди.
Тадбир давомида иштирокчилардан жами 1 миллион
600 минг сўм пул ва ашёвий далиллар расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, Бекобод туманининг «Янгиовул» маҳалласида 28 ёшли Мирзо Олимов томонидан кластер дала майдонида пул тикиш орқали хўроз уриштириш кўринишидаги қимор ўйинлари ташкил этилгани аниқланди.
Ўйинга тикилган 886 минг сўм пул маблағи ва 4 та хўроз далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўрта Чирчиқ туманида 7 нафар, Бекобод туманида эса 25 нафар шахсга нисбатан Мжткнинг тегишли моддасига асосан маъмурий чора кўрилди.
Ҳар иккала ҳолат бўйича жами
3 нафар ташкилотчига нисбатан
Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Аброр ПОЁНОВ,
катта мутахассис-мухбир, катта сержант.
Тошкент вилояти.
