Қарши шаҳридаги “Қўнгиртоғ” дала ўқув майдонида республика миқёсида “Довюрак жангчи” интенсив синовлари бўлиб ўтмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган интенсив синовларда ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларнинг ҳарбий хизматчилари иштирок этмоқда.

ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари, полковник Убайдулла Жаббаров томонидан ҳарбий хизматчиларга хавфсизлик чораларига қатъий амал қилиш, жанговар руҳ, матонат ва шижоат билан топшириқларни бажариш ҳақида кунлик синовлар бошланишидан олдин йўриқнома ўтилмоқда.

Ҳарбий хизматчилар комплекс куч машқлари, 30 км масофага пиёда юриш ва ягона тўсиқлар йўлагида умумий назорат машқи, ўқотар қуроллардан амалий отиш ва пичоқ улоқтириш машқлари бўйича синовларда қатнашишяпти.

Вазирлик тизимида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг касбий ва жисмоний тайёргарлигини юқори даражага кўтаришга хизмат қилувчи тадбир давом этмоқда.

Ўз мухбиримиз.