Яқинда Тошкент вилояти ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида кучли таъсир этувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Жумладан, Чирчиқ шаҳри ҳудудида олиб борилган ана шундай саъй-ҳаракатлар давомида харидорга 19 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дорини сотаётган Шавкат (исмлар ўзгартирилган) далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Ўтказилган суриштирув ишлари натижасида, ушбу кимса, мазкур психотроп воситаларни Азамат исмли танишидан олганлиги аниқланиб, тезкор тадбир давомида 110 дона шу номдаги дориларни пуллаётган бу шахс ҳам уни дори билан таъминлаб келаётган Орифжон ҳам 2 минг 800 дона “Регапен”ни сотаётганида ушланди.
Шундай қилиб, тўрт кун давом этган тезкор-қидирув ишлари самараси ўлароқ, 200 миллион сўмга тенг бўлган кучли таъсир этувчи дори воситалари муомаладан олиб қўйилди.
Ўз мухбиримиз.
