Ҳасанжон Қува туманида туғи­либ ўсган бўлса, Моҳигул Фар­ғона шаҳрида камолга етган. Иккови ҳам 1987-йилда туғилган. Шуниси қувонарлики, улар ички ишлар органларига қабул қилинган вақтда бир-бирига кўнгил қўйиб, 2012-йилда оила қуришган.

Мустақиллигимизнинг 34 йиллик шодиёналари ушбу оилага қўшалоқ байрам шукуҳини олиб келди. Байрам арафасида Президентимизнинг тегишли фармонига асосан, сафдор Моҳигул Сиддиқова «Жасорат» медали билан тақдирланди. Бу ютуқ нафақат уларнинг хонадонига, балки ҳамкасбларига ҳам чексиз қувонч бахш этди. Моҳигулнинг телефони тинмади, табриклар устига табриклар ёғилди.

– Рости, бундай юксак мукофотни сира кутмагандим, – дейди лавҳамиз қаҳрамони камтарона кулимсираб. – 16 йилдан буён шу тизимда, айнан патрул-пост хизматида эркаклар билан елкама-елка туриб хизмат қиляпман. Яхшиямки, бахтимга турмуш ўртоғим ҳам шу соҳа ходими. Доим мени тушунишга ҳаракат қилади, оғир пайтларда қўллаб-қувватлайди. Давлатимиз раҳбарининг фармонида исм-шарифимни кўриб, кўзларимга севинч ёши келди... 

Сафдор Моҳигул Сиддиқова вилоят ИИБ Биринчи минтақавий ҳудуд саф бўлинмалари патрул-пост хизмати отрядининг 3-гуруҳида инспектор лавозимида намунали хизмат қилиб, Фарғона шаҳрида жамоат тартибини таъминлашда намуна кўрсатиб келяпти. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида 66 нафар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни аниқлаб, уларга нисбатан баённомалар расмийлаштирди, 

8 нафар яшаш жойига эга бўлмаган шахсни, 32 нафар назорациз қолган вояга етмаганни ва 

24 нафар маст ҳолатдаги шахсни аниқлаб, уларга нисбатан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирди ва содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олди. Соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда 5 та жиноятнинг «иссиқ изида» фош этилишига ҳисса қўшди, 3 нафар қидирувда юрган шахсни аниқлаб, уларни ушлашга муваффақ бўлди.

Сафдор М. Сиддиқова ўзининг инсоний фазилатлари, камтарлиги билан ҳам шахсий таркиб орасида муносиб ҳурматга эга. 

Икки юрт посбони хизматда елкадош, оилада қўшқанот бўлиб, уч нафар фарзандни намунали хулқ билан тарбиялашмоқда. Ўғиллари Беҳрузбек ва Муҳаммадзиё спортга меҳр қўйиб, келажакда ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қилишяпти. Қизалоқлари Дилнавозхон ҳам дадаси ва онасининг хизмат кийимига меҳр билан қараб, уларга муносиб издош бўлишни ният қилади.

Инсон қайси соҳада ишламасин, ўз касбини севса, фидойилик билан меҳнат қилса, албатта, қадр топади. Буни эркаклар билан бир сафда туриб, тунни тонгга улаб, мардонавор хизмат қилиб келаётган, шу билан бирга, мустаҳкам оила қўрғонини бунёд этган сафдор Могиҳул Сиддиқова мисолида кўриш мумкин.

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.