Олийгоҳни тамомлаганидан кейин ҳам бошқармада фаолиятини давом эттиради. Орадан бирмунча вақт ўтганидан сўнг эълон орқали Тошкент шаҳар Ииббга ҳужжат топширди. Бўй-басти келишган, илмли ва архивда ишлаш малакасига эга кадр имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, хизматга қабул қилинади.
Ёш ходим ИИВ Малака ошириш институтига ўқишга юборилганида турмуш қурганига эндигина бир йил тўлганди. Шу боис уйидан, аёлидан илҳақ бўларди.
Мастурахон вақт соати етиб, тўрт гўдакни бу дунёга келтирганида Достонбекнинг қувончи ичига сиғмади. Ахир бирйўла тўрт нафар фарзандли бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмас. Достонбек ва Мастурахоннинг қариндош-уруғлари, ота-оналарининг хурсандчилиги чексиз.
Холмуроджон ака ва Гулчеҳрахон опа набираларига Хадичахон, Оишахон, Муҳаммадзиё ва Муҳаммад Сиддиқ дея исм қўйишди.
– Ўғлим бирданига тўрт нафар фарзандли бўлгани ҳаётимиздаги энг унутилмас воқеа бўлди, – дейди Холмуроджон ака. – Юрагимда армон бўлиб қолган орзуйимни ҳам ушалтирди. Мен ички ишлар органига кирмоқчи бўлган вақтимда онам оғир касал бўлиб қолганлиги сабаб, соҳада хизматни давом эттира олмаганман. Бугун нуридийдамнинг эгнига форма кийганини кўриб, худди ўзим кийгандек ич-ичимдан хурсандман. Бугун 9 ойлик бўлган бир-биридан ширин набираларим қувончимга қувонч қўшмоқда.
Чақалоқлар муддатидан олдин, 7 ойликда дунёга келишди. Гулчеҳрахон опа энди келинига ёрдамчи бўлиши керак. Ахир тўрт нафар эгизакни катта қилишнинг ўзи бўлмайди. Бу жараёнда Гулчеҳрахон опанинг ёрдами катта бўлмоқда. Шунингдек, чақалоқлар дунёга келган Республика перинатал маркази шифокорлари, ҳудудий поликлиника ходимлари доимий хабар олиб турганлиги ҳам чақалоқларнинг онасига катта далда бўлмоқда.
Сафдор Достонбек Турсуналиев Тошкент шаҳар ИИББ ЖЦБ Ташкилий бўлим канселярия катта иш юритувчиси лавозимида фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлмаса-да, олийгоҳдаги сабоқлари, Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармасидаги кўникмалари ҳамда ҳозирда унга йўл-йўриқ кўрсатаётган устозлари ва ҳамкасбларидан олган билимлари асқатиб, соҳа сир-асрорларини ўзлаштирмоқда. Унинг келажакдаги орзуси офицер бўлиб халқига садоқат билан хизмат қилиш ва етук кадр бўлиб етишиш.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
