Ҳар бир халқни жаҳонга танитадиган улуғ фарзандлари бўлади. Гўзал ва бетакрор юртимизнинг қадимдан дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк зотларга бешик бўлгани қалбларимизда чексиз фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Бутун умри давомида сермаҳсул ижод қилиб, кўплаб асарлар ёзиб қолдирган, мотуридия таълимотининг асосчиси, фиқҳ олими Имом Абу Мансур Мотуридий ана шундай улуғ аждодларимиздан биридир. Унинг асарлари инсонларни маърифатга, эзгуликка ундаш, шунингдек, ёшларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишида катта аҳамияга эга.
Тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий бўлган буюк аллома милодий 870 йилда Самарқанднинг Мотурид қишлоғида туғилиб, умрининг охиригача шу ерда яшаган. Унинг туғилган ва вафот этган саналари ҳақида турли манбаларда турлича маълумотлар берилган. Вафотидан сўнг Самарқанддаги Чокардиза қабристонига дафн этилган.
Имом Мотуридий дастлабки таълимни ўз отаси Муҳаммад ибн Маҳмуддан, сўнгра ўша даврда бошланғич мактаб ҳажмида билим берувчи Куттобда олади. Кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради. Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги «Иёзий» мадрасасида таълим олгани қайд этилган.
Фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширган, кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлиб мунозаралар қилган Мотуридийдан бизга бой мерос қолган. Унинг қаламига мансуб «Китоб ат-тавҳид», «Китоб ал-мақомат», «Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб», «Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни», «Қуръон таъвили китоби» кабилар шулар жумласидандир. Шунингдек, олимнинг «Шариат асослари», «Китоб ал-жадал», «Диалектика ҳақида китоб», ислом ҳуқуқшунослигига оид «Усул китоби» асари ҳам маълум.
Ўз қарашлари ва теран фикрларини асарларида акс эттириб, диний илмлар намояндалари орасида анча машҳур бўлган Мотуридий кўплаб шогирдлар етиштирди ва улар ўз устозларининг таълимотини давом эттиришлари натижасида мотуридия таълимоти вужудга келган.
Мотуридия ақидаси Қуръон, ҳадис ва ақл-идрок, мантиқ ҳамда ҳақиқатга яқин экани билан бошқа таълимотлардан ажралиб туради. Абу Мансур Мотуридий ўз таълимоти билан боғлиқ аксарият фикрларини «Китоб ат-тавҳид» асарида баён этган. Хусусан, ўзга тоифадаги фирқаларга қарши шундай сўзларни айтади: «Улар тафаккур ва тадқиқ билан қарасалар эди, Аллоҳ таоло ҳам бандаларини тафаккур ва тадқиқот, ибрат ва тажриба билан иш қилишга буюрганини тушунар эдилар, ибрат ва тафаккур эса илм манбаларидан биридир». Бу таълимот муътазилийлар каби, фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган. Мотуридий шунга чек қўяди ва бу ўлкада ягона ақида тизимини ўрнатади. У барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб беради. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади.
Имом Мотуридий ўз ҳикматларида инсонни илм-маърифатли бўлишга ундайди. Алломанинг «Тўғри йўлнинг калити илмдир», «Қуролингни илмдан яса», деган панду насиҳатлари орадан неча асрлар ўца-да, ҳамон ўз долзарблигини сақлаб келаётир. Яъни, агар илм-маърифат қурол қилиб олинса, барча мунозара ҳатто жангу жадаллар ҳам тинч йўл билан ўз ечимини топишини уқтиради. Динни ўзича талқин қилиш, диний билимлари саёз айрим ёшлар ким қайси томонга судраса, ўша ёққа қараб кетиши ҳамма замонларда ҳам бўлган. Уларга қарата аллома «Динингни илм билан асрагин», деб насиҳат қилади. Бу ерда илм деганда, фақат диний илмлар эмас, балки дунёвий илмлар ҳам назарда тутилганлигини таъкидлаш лозим.
Тинчлик энг бебаҳо неъмат. Бу тушунчанинг нақадар улуғлиги ва зарурлигини бугунги кунда бутун дунё халқлари ҳис этиб турибди, десак, муболаға эмас. Ёш авлодни мана шу бебаҳо неъматни асраш ва унинг қадрига етишга ундаш ҳам давр талабидир. Имом Мотуридий «Тинч яшай десанг, ёмонликдан юз ўгир», «Юрт ободлигини тиласанг, очиққўл бўл», «Нифоқ илмсизлик белгисидир» ва бошқа кўплаб ўгитлари орқали тинчликнинг қадрига етишга, уни асраб-авайлашга одамларни чақиради. Ўз навбатида, бу ҳикматлардан тегишли сабоқлар олиб, биз ҳам она Ватанимизнинг янада гуллаб яшнаши ва тинчлик-осойишталик ҳукм суришига муносиб ҳиссамизни қўшишимиз зарурлигини асло унутмаслигимиз керак.
Камтарлик юксак инсоний фазилат ҳисобланиб, у соҳибини камолотга эришишга ва жамият олдида ҳурмат-эътибор қозонишга олиб келади. Инсонлар, айниқса, ёш авлод бу фазилатга интилса, ҳар томонлама баркамол бўлиши, шубҳасиз. Имом Мотуридийнинг «Биров мақтаса, кеккайма», «Ўз айбингни кўра бил», «Ҳурмат – бойликдан афзал», «Шуҳратпараст бўлма», «Қалбингни ҳасад ўти билан куйдирма», «Ўзингни мақташдан тийил», «Афв этмоқни ҳеч кимдан дариғ тутма», «Такаббурликни дев ҳисобла», «Ҳаммадан яхши сўз ўрганишга интил», «Яхшилик қилганингни айтиб юрувчи бўлма», «Бировнинг ҳожатини чиқаришни буюк иш деб бил» каби ўгитларига амал қилиш ёшларнинг гўзал хулқ эгаси бўлишларида муҳим ўрин тутади.
Ёшларни мард ва довюрак қилиб тарбиялаш ҳар доим энг асосий вазифалардан бири. Чунки Ватаннинг шижоатли фарзандлари тинчлик-осойишталикни таъминлайди, мамлакат сарҳадларини ҳимоя қила олади. Имом Мотуридийнинг «Душманинг билан иноқлашган дўстдан қўрқ», «Интизомсиз лашкар – лашкар эмас», «Ўзингга ҳамжинс ва ҳаммаслак дўст танла», «Ҳасадгўй дўстдан парҳез қил», «Синалмаган одам билан сафарга чиқма», «Бировнинг молига муҳтож экансан, билгилки, унинг қулисан» каби ўгитлари ҳар бир инсонни лоқайдлик, бепарволик, иккиюзламачилик, қўрқоқлик сингари салбий иллатлардан воз кечиб, қатъиятли ва шижоатли бўлишга чақиради.
Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим эгаси ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади. Буюк бобокалонимизни улуғлаб «Имом ал-ҳуда» ва «Имом ал-мутакаллимин», «Ҳидоят йўли имоми» ва «Мутакаллимлар имоми» каби номлар билан атаганлари ҳам фикримизнинг далилидир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Абу Мансур Мотуридийнинг бой меросини ўрганиш улуғ алломанинг муқаддас динимиз мусаффолигини ҳимоя қилиш йўлидаги кураши, инсоний фазилатларни улуғлаб яшашга интилишдек олижаноб ғояларини асраб-авайлаш демакдир.
Саодат ЖУМАНОВА,
ИИВ Ихтисослаштирилган
мактаб-интернати
катта ўқитувчиси.
