Янги йил байрами тобора яқинлашгани сайин қалблар олам-олам қувончга тўлмоқда. Самарқанд вилояти ИИБ оталиғидаги 59-сон Нурли маскан мактаб интернати ўқувчилари учун байрам тадбири ташкил этилди.
Ижтимоий ҳимоя бугун давлатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Зеро, ўзгалар ёрдамига муҳтожларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш азалий қадриятларимиздан ҳисобланади. Бу жиҳатлар бугун ўтказилаётган байрам тадбирида яна бир бор ўз ифодасини топмоқда.
Мусиқа садолари остида байрамга кириб келган ўғил-қизларнинг қувончи чексиз бўлди.
Тантанали тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосарлари иштирок этиб, барча болажонларни янги йил айёми билан қутлашди. Ушбу тадбир мактаб-интернат ўқитувчи ва ўқувчилари учун қутлуғ айёмга муносиб совға бўлди.
Байрамона безатилган дастурхон атрофида яхши ниятлар қилиб, шу улуғ юртда яшаётганлигига яна бир карра шукрона келтиришди.
Қорбобо, қорқиз ва бошқа эртак қаҳрамонлари болажонлар қувончига-қувонч қўшди. Шундан сўнг кичкинтойларга ички ишлар органлари ходимлари томонидан байрам совғалари улашилди. Болажонлар ҳам ижро этилган куй-қўшиқларга жўр бўлиб, уларнинг ўзлари ҳам ашулалар хиргойи қилишди. Бир пиёла чой устида олиб борилган суҳбатларда ватан ва юрт туйғулари улуғланди. Болажонларнинг ҳаётга бўлган меҳру муҳаббати яна бир карра ошиб, улар чин маънода ўзларини бахтли инсон сифатида ҳис этишди. Кўнгиллардаги ғуборлар, диллардаги ҳорғинлик батамом ювилиб, уларнинг қалбларида беғуборлик туйғулари мавж урди.
Мазкур эзгу ва хайрли тадбирлар туб замирида инсон қадри, унинг манфаатлари сингари олий мақсадлар мужассам.
Янги йил байрамига бағишланган тадбирлар юртимиз узра давом этмоқда.
