Ҳар гал газетанинг навбатдаги сони режалаштирилаётганда бош муҳаррир ўринбосари мухбирлардан мақолаларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлаб, Раҳматилла акага юзланиб: «Захирада материаллар борми, «тилла сандиғи»нгизни очиб, ичидагини сочинг дерди кулимсираб. Кейин Раҳматилла ака бир даста мақолаларни столга қўярди...

Баланд бўйли, кенг гавдали, кўзлари кулиб турадиган бу самимий инсон билан мулоқот қилишнинг ўзига хос гашти бор. Раҳматилла ака доим оҳиста, қандай вазият бўлмасин, овозини кўтармасдан, дона-дона қилиб гапирар, мақолада биронта камчиликка йўл қўйган бўлсак, эринмасдан ҳар бир мухбирнинг хонасига кириб, батафсил тушунтирарди.

Бирлашган таҳририят масъул котиби лавозимида ишлаб, ўз касбининг ҳақиқий фидойиси бўлган Раҳматилла ака Бердиев ҳақида илиқ, қизиқарли хотиралар жуда кўп. Бу инсоннинг жонкуярлиги, фидокорлиги, билимдонлиги ва камтарлигига кўпчилик ҳавас қиларди. 

1953-йил Самарқанд вилоятида зиёлилар оиласида дунёга келган Раҳматилла Бердиев ўқувчилик пайтиданоқ илм олишга иштиёқи юқорилиги туфайли кўп китоб ўқиди. Билимга чанқоқлиги боис, мактабда юқори натижаларга эришган. Фаолиятини 1972-йилда «Ёш гвардия» театрида ёритувчи лавозимидан бошлаган 

Р. Бердиев ҳарбий хизматдан сўнг Тошкент давлат университетида таҳсил олди. 1984–2002-йилларда «Кино» Бирлашган таҳририятида катта муҳаррир, «Оила ва жамият» газетаси, «Хўжалик ва ҳуқуқ» журнали ҳамда «Республика» газетасида бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида самарали меҳнат қилди. 2002–2015-йилларда ИИВ Бирлашган таҳририятида масъул котиб сифатида нашрларнинг ранг-баранг чиқишига муносиб ҳисса қўшди.

Р. Бердиевнинг юксак маънавият соҳиби эканлиги, одамларга бўлган меҳри, тарихни яхши билиши, кўп китоб мутолаа қилганлиги гап-сўзларида, ёшлар билан бўлган суҳбатларида яққол намоён бўларди. 

Раҳматилла ака қайси мавзуга ёндашмасин, ўзбекона нигоҳ, қадрият ва анъаналаримиз истараси унинг сўзларидан балқиб туради гўё... Уларнинг «Фидойилик формуласи»да айнан шу жиҳатлар бўй кўрсатган.

Лавҳамиз қаҳрамони турмуш ўртоғи Озода опа билан икки ўғилни олий маълумотли, жамиятга нафи тегадиган инсонлар қилиб тарбиялашди. Катта ўғли Шерзод «Вертиго продуcтион» фирмаси раҳбари, Беҳзод эса Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Дунё бўйлаб» каналида режиссёр.

Шириндан-шакар набираларнинг бобоси Раҳматилла ака пенсияга чиққан бўлса-да, замон билан ҳамнафас қадам ташламоқда. 

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

подполковник.