Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири соврини учун “Соғлом ва баркамол оила” шиори остида спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувларининг минтақавий босқичи бўлиб ўтди. Хоразм вилояти мезбонлик қилган мазкур беллашувда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларининг 3-секторлар худудида яшовчи мусобақа ғолиблари иштирок этишди. Спортнинг “Стол тенниси”, “Қувноқ стартлар”, “Шашка”, “Шахмат” ва “Бадминтон” турлари бўйича ўзаро куч синашган оилавий жамоалар ғолиб бўлишга интилишди. Беллашувларда Навоий вилояти иштирокчиси Эгамовлар оиласига тенг келадиган рақиб топилмади. Улар ўзларининг эпчиллик ва чаққонликларини намойиш этиб, мусобақанинг мутлоқ ғолиби, деб топилди. Хоразмлик Содиқовлар оиласи 2-ўринни, қорақалпоғистонлик Отаниёзовлар оиласи эса 3-ўринни эгаллашди.
Мусобақанинг “Энг яхши маънавий етук оила” номинасияси бўйича ўтказилган беллашувлар ҳам унутилмас ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Вилоят ахборот ресурс марказида ташкил этилган ушбу мусобақада хоразмлик Каримовлар оиласи “Энг яхши маънавий етук оила”, деб топилди. Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган Мамбеткаримовлар оиласи 2-ўринга, навойилик Камоловлар оиласи эса 3-ўринга сазовор бўлишди.
Беллашув ғолиблари диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Шунингдек, ушбу нуфузли тадбирларнинг мутлоқ ғолиблари бўлган Навоий вилоятидан Эгамовлар ҳамда Хоразм вилоятидан Каримовлар оиласига Ички ишлар вазири соврини учун бўлиб ўтаётган мазкур спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувларининг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмалар берилди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
Хоразм вилояти.
