«Ҳаёт – энг буюк муаллим», дейди донолар. Йиллар, йўллар одамни улғайтиради, сабоқ беради, тарбиялайди. Пенсияга чиқаётган киши ортга бир назар ташлаб, умр йўлини сарҳисоб қилиши табиий. Бунда хатолар ҳам, ютуқлар ҳам, ҳамма-ҳаммаси кўзга ташланади. Ана шундай пайтда ўтган умридан афсусланмаган, яхши ишларидан ғурурланган, фарзандларининг бахт-у камолини кўриб қувонган киши энг бахтли одам ҳисобланади.

Олтиариқ туманидаги Янгиараб қишлоғида яшовчи ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги подполковник Ҳалимжон Адҳамов ҳам ана шундай бахтли инсонлардан биридир. 

Ҳ.Адҳамов 1955-йилда Олтиариқ туманида туғилган. Унинг отаси Адҳамжон ҳожи ҳалол, виждонли, тўғрисўз, диёнатли одам эди. Шу боис фарзандларини ҳам ҳалолликка, тўғрисўзликка ўргатди.

– Отам оддий деҳқон бўлса-да, тафаккури кенг инсон эди, – дея болалигини хотирлайди Ҳалимжон Адҳамов. – Оилада 11 нафар фарзанд эдик. Отам далада эртадан кечгача ишлаб, кетмон чопиб, пешона тери билан бизни боққан. Ота-онамнинг берган тарбияси мени ҳаётнинг жуда кўп синовларидан эсон-омон олиб ўтди. Узоқ йил раҳбар бўлиб ишласам ҳам, бировнинг қўлига қарамадим, бойликка ҳирс қўймадим, нафсимга алданмадим.

Ҳ.Адҳамов болалигидан қатъиятли, меҳнацевар, ҳаёт қийинчиликларига сабр-бардошли бўлиб улғайди. Мактабда яхши ўқиб, спорт билан шуғулланди, жамоат ишларида фаол бўлди.

У ички ишлар органларида хизмат қилишни орзу қиларди. Ҳарбий хизматдан қайтгач, ана шу орзуси амалга ошди. 1976-йили Олтиариқ тумани Иибда оддий ходим сифатида иш бошлади.

Лавҳамиз қаҳрамони ўз олдига улкан мақсадларни қўйганди. Шу сабабли 1979-йилда Тошкент ўрта-махсус милиция мактабига ўқишга кирди. Уни муваффақиятли тамомлаб, лейтенант махсус унвони билан Фарғона шаҳрига ишга келди. Дастлаб профилактика инспектори бўлиб хизмат қилди. Фарғона шаҳри марказида, энг гавжум ҳудудда ишлаб, тажриба тўплади. Кейинчалик профилактика бўлинмасига бошлиқ бўлди. Хизмат билан бир пайтда Фарғона давлат университетининг тарих, кейин ҳуқуқшунослик факултетида сиртдан таҳсил олиб, ўз билимини муттасил ошириб борди.

1991-йил июл ойида уни ўзи туғилиб ўсган жой – Олтиариқ тумани ИИБ бошлиғига биринчи ўринбосар қилиб тайинлашди. Ҳалимжон Адҳамов шахсий таркибни ягона мақсад йўлида бирлаштириб, жиноий гуруҳларга қарши аёвсиз кураш олиб борди. Натижада жиноятчиликнинг пайи қирқила бошлади. Криминоген вазият аста-секин изига тушди. 

1996-йилда қаҳрамонимиз вилоят Ички ишлар бошқармасига ишга ўтди. Кейинчалик Фарғона шаҳридаги 1-милиция бўлинмасига бошлиқ қилиб тайинланди. Наманган вилоятининг Мингбулоқ ва Поп туманлари Иибда бўлим бошлиғи лавозимида хизмат қилди. 2006-йилда шогирдлари ва ҳамкасблари эҳтиромида пенсияга чиқди.

Ўттиз йилдан зиёд умрини эл-юрт осойишталигини таъминлашга бағишлаган Ҳалимжон Адҳамов турмуш ўртоғи Шарофатхон билан тотувликда 4 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказди. Айни кунда улар 12 нафар набиранинг севимли бобоси ва бувисига айланган.

Ҳалимжон отанинг тўнғич фарзанди, полковник Аҳроржон Адҳамов ота изидан борди. У айни пайтда Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув хизмати бошлиғининг ўринбосари – Жиноят қидирув хизмати бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Истеъфодаги подполковник Ҳалимжон Адҳамов пенсияга чиққач, «Адҳам ҳожи» фермер хўжалигини ташкил этди. Фермер хўжалиги айни кунда пахта ва ғалла етиштириб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшяпти. Икки ўғли ана шу хўжалик ишини юритишмоқда. Ҳалимжон Адҳамов эса уларга бош-қош бўлиб, маслаҳат ва йўл-йўриқ кўрсатиб келяпти.

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.