Ижодий кечанинг бош мақсади осойишталик посбонларига юксак эҳтиром кўрсатиш, ходимларда ватанпарварлик туйғусини янада юксалтириш ва уларнинг оила аъзоларига қувонч улашишдан иборат. Шу билан бирга, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – хизмат вазифасини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини маънавий ҳамда моддий қўллаб-қувватлашга қаратилгани бўлди.
Саҳнада ватанпарварлик ва садоқатни, тинчликнинг қадрини улуғловчи куй-қўшиқлар янгради. Эл суйган таниқли санъаткорлар, эстрада юлдузлари ҳамда истеъдодли хонандалар ўзларининг энг сара ижод намуналарини туҳфа этишди. Шунингдек, байрам дастуридан жой олган таниқли сўз усталарининг чиқишлари, ҳазил-мутойибаларга бой саҳна кўринишлари барчага хуш кайфият бағишлади.
Бу каби маънавий-маърифий тадбирлар келгусида соҳа ходимларининг жанговар руҳини ва хизмат самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Аброр ПОЁНОВ,
катта сержант.
