Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЖЦБ Кинология бўлинмаси ходимлари ўзларига бириктирилган хизмат итлари ёрдамида юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноятларни «иссиқ изида» фош қилишда ибратли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Соҳа вакиллари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида тўрт оёқли кўмакчилар иштирокида 13 та жиноят очилишига эришилди. Жумладан, 11 та ўғрилик, 2 та гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят фош этилди. Шу билан бирга, вилоят миқёсида ўтказилаётган оммавий ва профилактик тадбирлар чоғида хавфсизликни таъминлашда ҳам кинологлар фаол иштирок этишяпти.
Шу йилнинг 10-январ куни Ромитан тумани ИИБ ходимлари томонидан Газли шаҳарчасида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбирга Кинология бўлинмаси 1-гуруҳ кичик инспектор-кинологи, кичик сержант Бобир Шодиев ўзига бириктирилган «Бонд» лақабли хизмат ити билан жалб қилинди. Мазкур тадбир давомида «Байналмилал» маҳалласи Истиқлол кўчасида яшовчи Х.Р.нинг уйи кўздан кечирилаётганда, хизмат ити бир ниманидир сезгандек бўлди. Шунда кичик сержант Б.Шодиев садоқатли кўмакчиси бошлаган томон йўналди. «Бонд» ётоқхонадаги диван томон қараб вовилади. Осойишталик посбонлари холислар билан диванни кўздан кечиришганда, бир дона гугурт қутиси ичидан қуритилган ҳолдаги марихуана гиёҳвандлик воситаси аниқланди.
Бундан ташқари, бўлинма кинолог ходимлари республика миқёсида ўтказилган «Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш» ойлиги тадбирларида фаол иштирок этиб, ўрта таълим мактаблари ва олий таълим муассасаларига 60 дан зиёд тарғибот ишларини олиб борди. Тадбирлар чоғида кинологлар хизмат итлари билан кўргазмали чиқишлар ҳам қилишди.
