Кун қаҳрамони


Йўлларда ногиронлар ёки кексаларга ёрдам бераётган ички ишлар органлари ходимларига кўзингиз тушган бўлса керак. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ҳам видеолар, суратлар берилган эди. Ана шундай инсоний фазилатларга эга ходимлар орасида Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патрул хизмати инспектори, сафдор Санамбону Боймуротова ҳам бор. У ёш бўлишига қарамай, тез-тез шундай эзгулик патрули йўналишида фуқароларга беминнат ёрдам кўрсатади. 

Санамбону 1995 йилда Термиз шаҳрида туғилган. 2016 йилдан Термиз тумани ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлими сафдор ходими сифатида ишлай бошлаган. 2018 йилда эса ҳозирги вазифасига тайинланган.

Исми жисмига монанд Санамбону анча қатъиятли ва тартибни яхши кўрадиган қиз. Унга юмуш топширишдими, кўнгилдагидек қилиб бажармагунча тинчимайди. Ўз устида мудом ишлашни ёқтирадиган қаҳрамонимиз рус ва инглиз тилларида ҳам эркин сўзлаша олади.

Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида ҳам ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда. Табиатан хушмуомала бўлган Санамбону фуқароларни жазолашдан кўра, уларга қоидаларни бузиш қандай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтириш фойдали, деган ақидага амал қилади.

Дарвоқе, қаҳрамонимиз ўтган йили Тошкент давлат техника университетининг транспорт воситалари муҳандислиги йўналишига ўқишга кирди. Ҳозирда ушбу даргоҳда сиртдан таҳсил олмоқда.  

Сафдор Санамбону Боймуротова фаоллиги, ташаббускорлиги учун Ички ишлар вазирлигининг қўл соати билан тақдирланган. Айни кунларда эса у аёл ҳайдовчиларни 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаш мақсадида Термиз шаҳридаги асосий кўчаларда ўтказилаётган аксияда фаол иштирок этмоқда. 


Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

«Постда» мухбири.

Сурхондарё вилояти.