Кечки пайт чойхонадан қайтган Хайрулла уйга кириши билан ҳаяжондан ҳаллослаб, акасига юзланди:
– Кимнингдир молини ўғри ўмарди-ёв, ака! Тез бўлинг, изидан тушамиз.
– Нима? Қаерда кўрдинг? – сўради акаси таажжубланиб.
– Боя ёнимдан ўтиб кетди. Кўприкка етди, менимча.
– Таппа ушламадингми?
– Ўғри эканига кейин фаҳмим етди...
Ака-ука вақтни бой бермай, қоронғида ўғрининг изига тушишди. Таъқибни пайқаган ўғри молни ташлаб, қоронғилик қўйнига сингиб кетди.
– Э, Ҳазратқул аканинг ҳўкизи-ку!
Мол эгасига қайтарилди. Ҳазратқул ака хурсанд бўлиб, ака-укаларга раҳмат айтаркан, қизиқсиниб сўради:
– Иним, қоронғида унинг ўғри эканини қандай пайқадинг?
Хайрулла жилмайиб жавоб қайтарди:
– Ёнимдан ўтаётганида томоқ қирдим, салом бермади. Кейин кела-кела йўлда нега салом бермаганини ўйладим...
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА.
