Касб фидойиси

Илҳомжон Умаров Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаб, стажировкани ўтагандан сўнг Асака шаҳар шифохонасида жарроҳ бўлиб ишлай бошлади. Кейинчалик Россия Федерациясининг Курган шаҳридаги Травматология ва ортопедия илмий-тиббий тадқиқот марказида клиник ординатура мутахассислиги бўйича ўқиди.

И. Умаров ординатурани битириб, Андижон давлат тиббиёт институти травматология кафедрасида ассистент лавозимида фаолият юритди.

Олий тоифали мутахассис И. Умаров қарийб 30 йилдан буён Андижон вилояти ИИБ тиббиёт бўлими поликлиникасида шифокор-жарроҳ бўлиб ишлаб келмоқда. Шу йиллар давомида у бир неча бор малакасини оширди.

– Устозларим академик Гавриил Илизаров ва профессор Неъмат Қурбановни ҳар доим миннатдорлик билан эслайман, – дейди И. Умаров. – Улар ўз тажрибалари билан беминнат ўртоқлашиб, йиллар давомида тўплаган билимларини менга ўргатишди.

Бугунги кунда Андижон вилояти тиббий даволаш муассасаларида Илҳомжон Умаровнинг Бахтиёр Аҳмедов, Азизбек Эргашев ва Шерзод Нажмитдинов каби шогирдлари муваффақиятли хизмат олиб бормоқда.

Борис КЛЕЙМАН,

ўз мухбиримиз.

Андижон вилояти.