Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани Иибда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 февралдаги “Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. ИИВ ЖХД пробация хизмати бошлиғи, полковник Бунёд Ражабов иштирок этган тадбирда жазони очиқда ўтаётган маҳкумларни ижтимоий мослаштириш, касб-ҳунарга ўргатиш, даволаш, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда бандликни таъминлаш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар тилга олиниб, нуқсонларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.
Сўнг Ғаллаорол тумани маданият марказида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида яшовчи, пробация хизмати назорати остида бўлган шахслар учун ИИВ ЖХД пробация хизмати мутасаддиларининг сайёр қабули ўтказилди. Мулоқот давомида маҳкумлар томонидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, жазо муддатини қисқартириш, диплом ва ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш, даволаниш, кредит ва ижтимоий кўмак ажратилиши борасида мурожаатлар қилинди.
Кўтарилган ҳар бир масала юзасидан масъуллар бириктирилиб, ҳал қилиш чоралари кўрилди. Тадбирда суд томонидан белгиланган чекловларга қатъий амал қилаётган муносиб хулқ атвордаги шахсларга китоблар жамланмаси ҳамда маиший электротехника воситалари топширилди. Тадбир доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам уюштирилди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.