Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, жамоат хавфсизлиги ва фуқароларимизнинг осойишталигини таъминлаш борасидаги ишлар “маҳаллабай” тизими орқали ташкил қилинмоқда.
Жорий йилнинг 24 феврал куни Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи Паяриқ туманидаги “Хўжа Исмоил” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 18-сонли ички ишлар бўлинмасига бориб, шу ҳудудда хизмат олиб бораётган ходимлар билан суҳбатлашди, “маҳаллабай” тизим асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ушбу бўлинма 10 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 39 минг 855 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Бошқарма бошлиғи бўлинма биносини кўздан кечириб, ходимлар учун муносиб шарт-шароит яратиш юзасидан тегишли соҳавий хизмат вакилларига топшириқлар берди. Бўлинма бошлиғига ҳудуддаги криминоген вазиятни барқарор сақлаш учун нималарга аҳамият бериши, ҳар бир фуқаронинг муаммосини чуқур ўрганиш лозимлиги хусусида ўз тавсияларини берди.
Шу куни ИИБ бошлиғи ҳудудда жойлашган туман ИИБ бошлиғига бириктирилган 88-мактабга ҳам кириб, ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мактаб кутубхонасида китоб мутолаа қилиш учун шароитнинг қониқарсиз аҳволдалиги танқид қилиниб, масъулларга буни яхшилаш, кутубхона фондини зарурий адабиётлар билан бойитиш бўйича топшириқлар берилди.
Ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати
