Шерзод (исм-шарифлар ўзгартирилди)га ота-онаси яхши ниятлар билан «Лаcетти» автомашинасини олиб берди. Ёш йигитча эртадан кечгача ўртоқлари билан «тойчоғида» шаҳар айланиб, кунларини тараллабедод ўтказишга ўрганди. Ота-онасига эса ишлаяпман, деб турли баҳоналарни ўйлаб топиб, алдаб юрди. Кунлардан бир кун ота-онаси Яшнобод тумани Ииофмбга чақиртирилганидагина фарзанди нима ишлар қилиб юрганидан хабар топишди. Аввалига ишонишмади. Лекин далилий ашёларни инкор қилиб бўлмайди. 

...Шерзод таниши Иброҳим билан жиноий тил бириктириб, тунги соат 01:30 ларда Чилонзор туманида изғиб юришади. 

Ж. Садиновга тегишли бўлган, қаровсиз қолдирилган «Лаcетти» автомашинасининг салкам 2 миллион сўмлик иккита ғилдирагини ўз ускунаси ёрдамида ечиб олишиб, машинасига ортиб жуфтакни ростлашади. Орадан икки-уч кун ўтиб, тунги соат тахминан иккиларда Яшнобод тумани Ховос кўчасида 

Ш. Боймировга тегишли «Собалт» автомашинасининг 4 дона ғилдирагини дискалари билан ўмариб кетишади. Улар «ошиғи олчи» бўлаётганидан руҳланиб, Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида қаровсиз қолдирилган «Лаcетти»нинг 600 АҚШ долларилик 2 дона ғилдирагини дискалари билан 

ечиб олиб, «қуённинг расмини чизади».

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди очиқ суд мажлисида Шерзод ва Ибро­ҳимларнинг қилмишлари кўриб чиқилиб, муқаддам судланмаганлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, етказилган зарарнинг қопланганлигини инобатга олган ҳолда, ҳар иккисига 2 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

«Саёқ юрсанг, таёқ ерсан» деганлари шу бўлса керак-да. Ота-она томонидан ўз вақтида назоратга олинмаган, эрка ва тантиқ фарзандлар пул топиш учун эгри йўлдан кетишди. Бу ҳолат кўплаб ана шундай ота-оналар учун огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак.

Илҳом ТУРСУНОВ, 

маёр. 

Тошкент шаҳри.