Лейтенант Ботиржон Самиев Самарқанднинг тарихий обидалари атрофида хизмат қилаётган пайтларида унинг ҳушёрлиги ва масъулияти яққол намоён бўлади. Ҳамкасблари уни камтар, шу билан бирга, талабчан ходим сифатида қадрлашади. Унинг муомаласида одоб, фуқароларга муносабатида эса ҳурмат мужассам. 


– Тинчлик – энг улуғ неъмат, уни асраш эса ҳар биримиз учун шараф, – дейди лейтенант Б. Самиев. – Россия Федерациясидан келган сайёҳ оиласи билан муқаддас мажмуани зиёрат қилиб юрган вақтда улар­нинг кичик фарзанди одамлар орасида адашиб қолди. Бу ҳолатдан қаттиқ хавотирга тушган ота-она ёрдам сўраб менга мурожаат қилиш­ди. Вазиятни тезкорлик билан ўрганиб, атрофдаги кузатув камералари орқали болани излашга тушдик. Орадан кўп вақт ўтмай, болакай мажмуа ҳовлисидаги кабутарларни томоша қилиб юрган жойида топилди. Уни соғ-саломат ота-онаси бағрига қайтарганимизда, онаси қувончдан кўзига ёш олди ва бизга чексиз миннатдорлик билдирди. Энг таъсирли жиҳати эса болакайнинг ота-онасига қараб: «Мен ҳам катта бўлсам, полиция ходими бўламан», – де­гани бўлди. Бу сўзлар мен ва ҳамкасбларим учун хизматимизнинг энг катта маънавий мукофотига айланди. 


Тинчлик ва осойишталикни асраш фақат қонун кучи билан эмас, балки меҳр, масъулият ва инсонийлик билан амалга ошади. Лейтенант Самиев хизматда ҳамиша ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда фаолият юритади.

Ҳар бир сайёҳнинг юртимиз ҳақидаги илк таассуроти, ҳар бир инсоннинг ўзини хавфсиз ҳис қилиши ана шундай фидойи ходимларнинг меҳнати билан боғлиқ. Баъзан бир оғиз ширин сўз, ўз вақтида кўрсатилган ёрдам ёки оддий эътибор ҳам инсон қалбида умрбод сақланадиган гўзал хотирага айланади.


Лавҳамиз қаҳрамони хизматдан ташқари вақтларда китоб мутолааси, спорт ва оила даврасига алоҳида эътибор қаратади. Бу эса унинг ҳаётга бўлган теран муносабатини кўрсатади. Ватанга муҳаббат ва касбга фидойилик унинг бош ҳаётий тамойилига айланган. Хизмат фаолияти шаҳардаги қайси бир тарихий обида ҳудудида кечмасин, у ўзига савол берган хорижий сайёҳларга тарихий ёдгорликлар, муқад­дас мажмуалар ҳақида мароқ билан гапириб беради. Бунинг учун тинимсиз тарихни ўрганади. Чунки ҳар бир айтилган маълумот сайёҳларнинг юртимиз ҳақидаги таассуротларини шакл­лантиришини яхши анг­лайди.


Умида МАМАДАЛИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Самарқанд вилояти.