Кун қаҳрамони
Ватан олдидаги фарзандлик бурчини садоқат ва масъулият билан адо этаётган мард ва жасур ўғлонлар бор экан, юртимиз тараққий топади, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукм суради. Сержант Ҳайдар Яҳёев ҳам ана шундай ватанпарвар ўғлонлардан биридир.
У 1977 йилнинг 25 март куни Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Ёшлигидан акаси Алишернинг ҳарбий кийимда тоза, озода юришини, ҳарбийча интизом билан қадам ташлашини, энг асосийси, муомала маданияти билан кўпчиликдан ажралиб туришини ҳар кўрганда ҳаваси ортган Ҳайдар “Катта бўлсам, албатта, акамдай ҳарбий бўламан, дея ўз олдига эзгу мақсад қўйган эди.
“Яхши ният – ярим давлат”, деганларидек, Ҳайдарнинг ҳам нияти пок экан. У Ватан олдидаги йигитлик бурчини Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтагач, Бухоро автомобил ва йўллар техникумини битириб, уч йил йўл қурилиш ташкилотида ишлади. Барибир болаликдаги орзусига эришиш мақсадида 2000 йил Қоровулбозор туманида жойлашган ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмга ҳужжатларини топширди ва барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, назоратчи вазифасида хизмат фаолиятини бошлади.
Мана, йигирма бир йилдирки, сержант Ҳайдар Яҳёев 7536-ҳарбий қисмнинг 3-баталонида турли лавозимларда хизмат қилиб келяпти. Жанговар хизматда ҳам, амалий ишларда ҳам бой тажрибага эга ходим техник сексия шахсий таркибига техниканинг сир-асрорларини ўргатишда жонбозлик кўрсатмоқда.
Биринчи даражали сержант Ҳ. Яҳёев намунали хулқи, ҳарбий интизоми, жанговар шайлиги ҳамда хизмат вазифаларини сидқидилдан бажарганлиги учун “Ўздекистон Респуликаси мустақиллигига 20 йил” ва “Ўздекистон Респуликаси мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонлари, шунингдек, ИИИ даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланган. Бундан ташқари, Қоровул қўшинлари қўмондони ҳамда ҳарбий қисм командири томонидан 95 маротаба рағбатлантирилган.
Турмуш ўртоғи Зулфияхон ҳам унинг ортидан бориб, ҳарбий соҳани танлаган. Шу боис ҳар ерда унга маслакдош, елкадош, оилада кўмакчи бўлиб келмоқда. Ўз манфаатларидан халқ манфаатларини, юрт тақдирини устун қўйишдек эзгу фазилатларни ўзига сингдириб, халқимизга, юртимизга астойдил хизмат қилишга интилаётган оддий аскар Зулфия Султонова айни пайтда баталоннинг шахсий таркиб билан ишлаш гуруҳи маъсул ижрочиси вазифасини аъло даражада бажармоқда.
Ҳақиқатан ҳам, бу оилага ҳавас қилса арзийди. Зеро, ҳарбий соҳага меҳр қўйиб, хизматнинг сир-асрорларини ўргатган устозларидан ҳамиша миннатдор сержант Ҳайдар Яҳёев ҳамда оддий аскар Зулфия Султонова она юрт тинчлиги, фуқароларнинг осуда ва хотиржам ҳаёт кечиришини таъминлаш йўлида хизмат қилишни ҳаётининг мазмунига айлантиришган.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
