Бухоро шаҳар ИИОФМБ берган маълумотга кўра, Бухоро муҳандислик-технология институти ректорининг 2021-йил 4-декабрдаги буйруғи билан “С1” даражадаги ИЭЛЦ сертификати борлиги боис хорижий тиллар кафедраси ўқитувчиси А.М. исмли аёлга ойлик маошига қўшимча 50 фоиз устама тўлаб келинган. Ушбу сертификатда А.М.нинг эмас, балки бошқа номаълум шахснинг фотосурати мавжудлиги сабабли, унинг ҳаққонийлигини текшириш мақсадида Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига сўров жўнатилган. Британия Кенгаши ваколатхонаси директорининг 2022-йил 7-декабрдаги тегишли хатида А.М.га 2021-йил 8-апрелда, 003241-сонли сертификат имтиҳонда қоида бузилиши, яъни номзод ўрнига бошқа шахснинг ёрдамидан фойдаланганлик ҳолати бўйича ўтказилган текширув натижасига кўра бекор қилинганлиги кўрсатилган. Шунингдек, Кенгаш текширув натижаларига кўра А.М. га 2023 йил 26 сентябрга қадар ИЭЛЦ имтиҳонларини қайта топшириш тақиқланган.

Институт тақдим қилган маълумотга кўра, 003241-сонли ИЭЛЦ сертификати асосида А.М.га 2021-йилнинг декабр ойидан 2022-йилнинг сентябр ойига қадар жами 33 миллион 276 минг сўм қўшимча устама ҳисобланиб, тўлаб берилган. Мазкур ҳолат юзасидан Жкнинг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.