Йигитлик бурчини ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли пойтахтимиздаги 7534-ҳарбий қисмда ўтаган лавҳамиз қаҳрамони мана 24 йилдирки, мазкур ҳарбий қисмда самарали фаолият юритиб келмоқда.

– Хизматдаги барча қийинчилик ва машаққатларни енгиб ўти­шимда устозим, истеъфодаги сержант Рустам Жасликовнинг хизматлари беқиёс бўлган, – дейди В. Қурбонов. – Унинг соҳага оид ўргатган билим ва кўникмалари ҳамда маслаҳатлари билан катта назоратчи, гуруҳ командири, эндиликда эса қоровул бошлиғи лавозимида хизмат қиляпман.

Ваҳобжон Қурбоновнинг ўзи ҳам бугунги кунгача ўнлаб шогирдлар етиштиришга улгурди. 

ИИИ даражали сержантлар Садриддин Рўзимов, Феруз Ўринов ҳамда ИИ даражали сержант Ойбек Хушмуродов ва кичик сержант Хуршид Боймуродов шулар жумласидандир.

Ҳозирда марказий базани қўриқлаш баталони 1-ўқчи гуруҳ қоровул бошлиғи лавозимида хизмат қилиб келаётган Ваҳобжон Қурбонов қўл остидаги шахсий таркибга ҳар куни йўриқнома ўтиб, уларга хизмат вазифаларини тушунтиради. Мунтазам тарзда муаммолари билан қизиқиб, уларни бартараф этади. Чунки Ватан ҳимоясига шайланган ҳар бир ҳарбий хизматчининг кўнгли хотиржам бўлса, ишида унум, натижа бўлади.

Доимо касбини ардоқлайдиган қаҳрамонимизнинг хизматлари вазирлик ва давлатимиз томонидан муносиб қадрланяпти. 2016-йилда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан у Президентимиз фармонига кўра «Жасорат» медали билан тақдирланди. Бундан ташқари, ипотека кредити асосида янги хонадонга эга бўлди, 25 фоиз миқдоридаги тўлов имтиёзли равишда қоплаб берилди. Тўнғич фарзанди Сардорбек Ҳайитов Тошкент давлат иқтисодиёт университетига квота асосида ўқишга кирди.

– Кўплаб ютуқларга эришиб келаётган И даражали сержант В. Қурбоновга ёш ҳарбийлар ҳавас билан қарашади, – дейди мазкур баталён командири, подполковник Турсунбой Отажонов. – Ўзининг қатъий иродаси ва интилишларига ишонган маҳоратли бу инсон ҳеч қачон мақсадлари йўлида тўхтаб қолмайди, аксинча, доимо олға интилади.

Абдуҳамид ОЛЛАЁРОВ,

кичик сержант.