Қора шоколад юрак учун жуда фойдали бўлиб, юрак касалликлари юзага келишининг олдини олади, инсулт хавфини камайтиради ва қон босимини нормаллаштиради. Қора шоколаднинг яна бир яхши хусусияти бу – мия фаолиятини яхшилаши. Шунингдек, уни мунтазам истеъмол қилиш инсулт ва инфаркт хавфини камайтиради.

Ушбу маҳсулот анти­оксидантларга бой бўлиб, темир, калий, магний, мис, рух ва бошқа фойдали мине­раллар манбайи ҳисобланади. У ҳам какао сингари кайфиятни кўтаради, руҳий тушкунлик ва депрессия ҳолатидан чиқишга ёрдам беради. Аччиқ ва қора шоколад метаболик синдромнинг (инфаркт, атеросклероз, гипертония, қандли диабет, деменсия, жигарнинг ёғланиши ва бошқ.) ҳамда баъзи саратон касалликларининг олдини олади.

Бундан ташқари, қора шоколад иммунитетни шакллантиради, қонни кўпайтиради, жисмоний меҳнатга лаёқатлиликни оширади, қон айланишини яхшилайди. Таркибидаги биофаол бирикмалар тери ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади. Флавоноллар қуёшдан ҳимоя қилади, терининг зичлиги ва намланишини оширади.

Бошқа шоколад турларидан фарқли ўлароқ, қора шоколадга какао кукуни ва какао мойи кўпроқ, шакар эса камроқ қўшилади. Ҳақиқий қора шоколад таркибида какао миқдори 70 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Олий навли шоколад қўлнинг илиқ ҳароратидан эриб кетмайди.

Мутахассисларнинг фикрича, шоколад танада тромблар вужудга келишининг олди­ни олади. Қора шоколад таркибида кофеин йўқ. Лекин теобромин моддаси бўлгани боис кечқурун ейиш тавсия этилмайди, чунки уйқуни қочириши мумкин. Таркибида оксалатлар кўп бўлгани боис буйракда тош ҳосил бўлишига мойил инсонлар уни истеъмол қилмагани маъқул.

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.