Саломатлик – бебаҳо неъмат. Орамизда ўзининг ширин сўзи, самимий муомаласи, зарур муолажаси билан одамлар соғлиғини асрашда доим жонкуяр бўлган шифокорлар кўп. ИИВ Тиббиёт бошқармаси «Ўзбекистон» санаторийси кардиология бўлинмаси бошлиғи, шифокор-кардиолог Зумрат Каримова ҳам ана шундай фидойилардан биридир.
– Санаторийга биринчи маротаба 2003-йилнинг май ойида ишга кириш мақсадида келганим кечагидек ёдимда, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Бу даргоҳнинг гўзал табиати, ундаги файз мени ўзига бутунлай мафтун этган. Бир оила аъзоларидек меҳр-оқибатли, меҳнацевар, бағрикенг, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашадиган ходимлар жамоасига қўшилиб, хизмат қилганимга ҳечам ачинмайман.
Мазкур муассасада кардиолог-шифокор сифатида хизмат бошлаган кезлари билан боғлиқ хотираларини бўлишаркан, Зумрат опа ҳозирда «Ўзбекистон» санаторийси бошлиғи, полковник Азиза Мўминова соҳанинг ўзига хослиги, шифокорлик масъулияти, аёл кишининг оиладаги ўрни борасида қимматли маслаҳатларини аямай устозлик қилганини ҳам айтди.
Инсон ҳаётининг ҳар сонияси муштдеккина юрак дукурларига ҳамоҳанг. Уни турли касалликлардан асрагангина ўз умрига ҳақиқий маънода посбондир. Подполковник Зумрат Каримова ҳам йиллар мобайнида юртимиз тинчлиги-осойишталиги посбонларининг жонига айнан шу йўналишдаги кони фойда бўлган тиббий муолажа ҳамда тавсиялари билан ора киради.
– Одам организмининг ҳар бир аъзоси унинг саломатлигида алоҳида ўрин тутади, – дейди тажрибали шифокор. – Агар улардан қайси биринингдир фаолияти бузилса, албатта, унга жиддий эътибор қаратиш керак. Халқимизда «касални яширсанг, иситмаси ошкор қилар» мақоли бежиз яралмаган. Касаллик чуқурлашиб, юқори босқичларга ўца, уни даволаш ҳам шунча мураккаблашади. Бизнинг йўналишда айнан юрак-қон томир касалликлари, уларнинг юзага келиш сабаблари, ривожланиш механизмлари, ўзига хос кечиши ҳамда диагностикаси, шунингдек, уларни аниқлаш, даволаш ва олдини олиш усуллари ҳам ниҳоятда муҳим. Бунда ҳар бир беморга алоҳида ёндашиш талаб этилади. Зарур бўлганида, бошқа йўналиш мутахассислари билан бамаслаҳат ишлашга тўғри келади.
Барча тиббий муассасаларда шифокорлар бир-бирларига исм-шарифи билан мурожаат қилишади. Зумрат Кучкаровнага ҳам даволанувчилар ҳурмат билан мурожаат қилишади.
– Зумрат опа табиатан очиқкўнгил, самимий аёл бўлиши билан бир қаторда, қўли енгил шифокор, хизматда масъулиятли ходима, – дейди кардиология бўлинмасининг катта кардиолог шифокори, капитан Мадина Қосимова. – Улар даволанувчиларга касалликнинг олдини олиш бўйича ҳам керакли тавсияларни беришдан ва соғлиқни назорат қилишдан чарчамайдилар.
Кўнгли эгнидаги либосидек оппоқ бу аёлнинг оила ошёнида ҳам бахти тўкис. Турмуш ўртоғи билан аҳил-иноқликда ўғли Мирқудратиллани вояга етказишган. Унинг касби иқтисодчи. Беқиёс бахтиёрлик ҳукм сурган қўрғоннинг яна бир қувончи набиралар Муҳаммадазиз ва Муҳаммадакбар бўлади.
Подполковник Зумрат Каримованинг ибратли, самарали меҳнат фаолиятига, мазмунли ҳаёт йўлига тўхталарканмиз, беихтиёр тилимизда
«Шукрки, меҳрни
ўчирмаганман,
Кўнгилни қуш қилиб
учирмаганман.
Умримни бировдан
кўчирмаганман,
Ўзимга тегишли
мавзуларим бор»
– дея битилган шоирона мисралар айланди.
Гулноза ТУРҒУНБОЭВА,
ўз мухбиримиз.
