Жиноят жойини ўрганиш – далилларни топиш, йиғиш ва ҳужжатлаштириш, гумон қилинувчиларни аниқлаш учун бармоқ излари таҳлили, қалбаки ҳужжатларни текширишда экс­перт-криминалистдан кучли таҳлил қилиш ва диққат билан ишлаш қобилиятига эга бўлиш, сабр-тоқат ва аниқлик билан хулосани тақдим эта билиш талаб этилади. 

Наманган вилояти Давлатобод тумани ИИБ Экс­перт-криминалистика гуруҳи ходимлари ўтган йили туман ҳудудида содир этилган 284 та ҳодиса ва жиноят жойини кўздан кечиришда иштирок этди. Жараёнда 

219 та ашёвий далиллар олин­ган. 54 та тадқиқот бажарилган. 18 та жиноят қўл бармоқ излари орқали «шахсни идентификация қилиш» тизими ёрдамида фош этилди. 

12 та жиноят фотосурат ва видео­ёзувлар ёрдамида аниқланган. Соҳа мутахассислари 2500 га яқин тезкор қидирув ва тергов ҳаракатларида иштирок этишган. Шахсан ўзим иштирокимда 62 та экс­пертиза ишлари бажарилди. Айрим ишларни мисол тариқасида келтириб ўтаман.

«Орзу» маҳалласида я­шовчи Ҳ.А. исмли аёл тилла буюмлари йўқолганлиги ҳақида му­рожаат қилади. Ушбу ҳолат юзасидан воқеа жойига бориб ўрганилганда, ҳодиса жойига киришдаги икки қанотли эшикни кўздан кечириш вақтида олин­ган қўл бармоқ излари 1985-йилда туғилган Н.Э.га тегишли экани маълум бўлди.  

2024-йил 6-август куни «Навбаҳор» маҳалласида 

я­шовчи фуқаронинг хонадонида бош соҳасида тан жароҳати олган ҳолатда жасади топилди. Қотил из қолдирмасликка ҳаракат қилган. Лекин хонадондаги дафтарда унинг бармоқ излари қолиб кетган. Улар 1975-йилда туғилган А.У.га тегишли экани аён бўлди.

Аниқланишича, марҳума қарз­дор бўлган. Гумон қилинувчи ундан пулларини олгани келганида ўрталарида жанжал чиққан. Шунда гумон қилинувчи меҳмонхонадаги шиша идиш билан аёлнинг бошига бир неча маротаба урган. Етказилган тан жароҳати туфайли уй бекаси вафот этган. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

– Йил бошидан буён 40 маротаба воқеа жойига чиқдим. 13 та тадқиқот ва 

9 та экспертиза ишларини амалга оширдим. Бундан ташқари, тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб бормоқдамиз. Хусусан, яқинда Давлатобод тумани маданият марказида Экс­перт-криминалистика марказида жорий этилган юридик ва жисмоний шахсларга экспертлик ил­мий-тадқиқот ҳамда ахборот хиз­матларини кўрсатиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.

Шунингдек, туман тибби­ёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходимлари ўртасида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди. Зимма­миздаги масъулиятли вазифаларни амалга ошириш жараёнида далилларни синчковлик билан таҳлил қилаётганимиз самара бермоқда.

Азамжон БАБАЕВ,

Давлатобод тумани ИИБ ЭКГ катта эксперти, маёр.