Нуробод туманининг «Дўстлик» маҳалласида яшовчи нотинч оила рўйхатида турувчи Нозима Рустамова (исм-шарифи ўзгартирилди) 2 йилдан бери қайнакалари ва овсинлари ўртасидаги ўзаро келишмовчиликдан азият чекиб туман ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, катта лейтенант Шаҳло Иззатовадан нажот истаб келди. Фуқаронинг мурожаати манзилли ўрганилиб, ушбу оилада келгусида оила-турмуш доирасида жиноят содир бўлмаслиги учун ҳимоя ордери расмийлаштириб берилди. Шунингдек, хонадонига кузатув камераси ва ташвиш тугмаси, яъни қўриқлаш пулти ўрнатилди.
Туманда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, шарқона қадриятларни тарғиб қилиш борасида амалий ишлар олиб борилаётган бўлса-да, сўнгги йилларда хотин-қизлар жиноятчилиги масаласи жиддий эътиборни талаб этяпти. Негаки, олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 8 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган ва 3 нафар енгил табиатли аёлнинг рўйхатга тушгани жиддий огоҳлик бўлди. Шу боис, улар билан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилди. Ушбу салбий ҳолатларнинг сабаблари ўрганилиб, олдини олиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.
– Нуробод туманида хотин-қизлар жиноятчилигига қарши кураш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг эмас, балки барчамизнинг ишимиз. Хотин-қизларни жиноят сари етаклайдиган йўл одатда тўсатдан бошланмайди. У ишсизлик сабаб пайдо бўладиган иқтисодий тангликдан, етишмовчилик туфайли оилавий низолардан ҳамда маънавий бўшлиқ ва ҳуқуқий билимнинг етишмаслигидан келиб чиқади. Бу борада маҳалла еттилиги ўзаро ҳамжиҳатликда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни аниқлаб, уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этишга ҳаракат қилишяпти. Кимнингдир бандлиги таъминланса, бошқасига психологик ёрдам кўрсатиляпти ва яна кимгадир ҳуқуқий маслаҳат берилмоқда, – дейди туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зироат Садинова.
Ўрганишларда туманнинг «Сарикўл» маҳалласида яшовчи фуқаро Гулчирой Фаёзовага (исм-шарифи ўзгартирилган) турмуш ўртоғи мунтазам равишда тазйиқ ва зўравонлик ўтказиб келганлиги аниқланди. Унга ҳимоя ордери расмийлаштирилиб, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш вилоят ҳудудий марказига жойлаштирилди. Вояга етмаган икки нафар фарзандини суд қарорига асосан онасига олиб беришга эришилди.
Маҳаллаларда хотин-қизлар билан ўтказилаётган учрашувларда жиноят оқибатлари ҳақида эмас, балки унга йўл қўймаслик учун нима қилиш кераклиги, олдини олиш чоралари, аёл қадри ва шаъни, оиладаги ўрни ҳақида гапирилаяпти. Ҳар бир аёл қалбига «Сиз онасиз, сиз кераклисиз, сиз қадрлисиз» деган фикрларни сингдиришга ҳаракат қилинмоқда.
Умида
МАМАДАЛИЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
