Адҳамбек Мамадалиев 1974-йилда Андижон вилояти ИИБ Жиноят қидирув бўлими кичик инспектори лавозимида хизматни бошлаган. Хизмат билан баробар Андижон давлат университетини тамомлаган. Кейинги фаолиятини вилоят ИИБ жиноят қидирув бўлимида давом эттириб, Балиқчи ва Андижон туманларида хизмат қилган.
Маёр унвони билан 1996-йилда пенсияга чиққан лавҳамиз қаҳрамони рафиқаси Шаҳзодахон ая билан бирга уч нафар фарзандни вояга етказди. Тўнғич ўғил Нуриддин – ота изидан бориб, жиноят қидирув хизматида 15 йилдан ортиқ фаолият олиб борди. Ҳозирда Мамадалиевларнинг катта оиласида тўққиз невара ва икки эвара вояга етмоқда.
– Жиноят қидирув бўлими бошлиғи, полковник Ҳасанбой Хўжаев менга устозлик қилган, – дея эслайди фахрий. – У менга ҳар қандай ҳолатда ҳам тўғри қарор қабул қилишни, жиноятни очишда ҳатто майда-чуйдаларга ҳам эътибор қаратишни ва шошилинч хулоса чиқармасликни ўргатди. Бундай сабоқлар кейинчалик жиноятчиларни қидиришда бир неча бор қўл келди. Генераллар – Ғофуржон Раҳимов, Ботиржон Парпиев, полковниклар – Геннадий Гавриличев, Владислав Гуртовенко каби инсонлар билан ишлаш бахтига муяссар бўлганман.
Айниқса, тезкор ходим бўлиб ишлаган даврим ёдда қолган. Ўша пайтда ички ишлар органлари бўлинмаларида техника ва алоқа воситалари тақчил эди. Шунга қарамай, ҳодиса жойларига йўловчи машиналарда бориб, бажарилган иш ҳақида автомат-телефонлар орқали маълумот берардик.
Бирор кўнгилсиз воқеа юз берса, ёрдам сўраб, биринчи навбатда, жиноят қидирув бўлимига мурожаат қилишган. Одамларнинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериш бизнинг бурчимиз эди. Қийинчиликларга қарамай, бўлимимиз жиноятларни фош этиш кўрсаткичи бўйича вилоятда биринчи учликка кирган. Бутун жамоанинг фидойилиги ва аҳиллиги туфайли ҳар доим юқори натижаларга эришганмиз. Оддий инспектордан тортиб то бошлиққача ҳар биримиз ўз ишимизни масъулият билан бажарардик.
Яқинда фахрийни 80 ёшга тўлиши муносабати билан вилоят ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Давронбек Юсупов ва шогирдлари қутлашди.
– Ўтган умримдан миннатдорман, шу касбни танлаганимдан, халқимга хизмат қилиб шу кунларга етганимга шукрона қиламан, – дейди Адҳамбек ота.
Борис КЛЕЙМАН,
ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.
