ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти масъул ходими, истеъфодаги полковник, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Республика «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари, таниқли шоир, таржимон ҳамда драматург Зикрилла Неъмат ҳамиша янгилик, янгиланиш сари илдам қадам ташлаб келади. Президентимиз умумхалқ ҳаракатига айлантирган оммавий китобхонлик ташаббуси, айниқса, «Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан!» шиори остидаги эзгу даъват унга ҳам қанот бағишлади. Мана, бир неча йилдирки, ижодкор бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб келмоқда. У ҳар йили қайси шаҳар ва туманга ижодий сафар билан бормасин, албатта, ўз ижод намуналаридан китобдаста тайёрлаб боради. Китоб болаларга орзулар эшигини очувчи калит деб ҳисоблайдиган ижодкор ҳар гал уларга китоб улашади. 

Сахийқалб шоир яқинда бир гуруҳ адиблар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари – «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, таниқли шоир, журналист, драматург ва таржимон Чоршаъм Рўзиэвлар билан биргаликда Ғиждувон туманидаги ахборот-кутубхона марказида бўлди. Албатта, ижодкорлар қуруқ қўл билан келишмади. 

Бу галги дийдорлашув асносида Зикрилла Неъматнинг сўнгги йилларда яратилган «Бобомдан мерос боғлар» номли шеърий тўплами ҳамда «Абдурауф Фитрат» ва «Қатағон ўпқони» пъэсаларидан иборат китоблари тақдимоти кўтаринки руҳда ўтказилди. Тадбирда сўзга чиққанлар асарлар ҳақида илиқ фикрлар билдиришди. Шунингдек, меҳмон шоирлар ўз ҳаёт йўллари, ижод машаққатлари ҳақида сўз санъатига ошно бўлган жажжи қалб эгаларига сўзлаб беришди ва ўз қаламларига мансуб шеърлардан намуналар ўқишди. 

– Тадбир қизиқарли, савол-жавобларга бой тарзда ўтди, – дейди туман ахборот-кутубхона маркази директори Дилдора Муҳаммедова. – Тақдимотдан сўнг, шоир Зикрилла Неъмат ўзининг «Мангу қўшиғимсан, Ватан», «Вафо байтин битайлик», «Навоийдан наво истаб», «Бобомдан мерос боғлар», «Қатағон ўпқони», «Бухорони соғинмай бўлмас», «Жирафа нечун хафа?!», «Оламни англа, болам!» номли китобларидан юз донасини кутубхонамизга совға қилди. Шубҳасиз, бу ижод намуналари туманимиз ёшларини Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Шундан сўнг пойтахтлик ижодкорлар тумандаги 26-умумий ўрта таълим мактабида бўлишди. Бу ерда мактаб директори Ш.Тўхтаэв ташаббуси билан туман томонидан ИИБ Республика Маънавият ва маърифат маркази Ғиждувон туман бўлинмаси ҳамкорлигида «Маънавият ойлиги» доирасида «Шеърият кечаси» ташкил этилди. Тадбирда маҳаллий шоир ва ёзувчилар ҳамда адабиётга ошно ижодкор ёшлар ҳам иштирок этишди.

Мактабда иқтидорли ўқувчиларнинг кўпроқ ижодга, шеъриятга қизиқиши кучли эканлигига гувоҳ бўлдик. 10-синф ўқувчиси Азиза Фахриева ҳамда 7-синф ўқувчиси Гулсанам Абдуллаэвалар ижод қилиш билан бирга туманда ташкил этилган «Бир ойда иккита китоб ўқийман» ҳамда «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилаётган «Ёш китобхон» танловларида иштирок этиб, фахрли ўринларни олишмоқда. Айниқса, ёш ижодкорларнинг она, Ватан ва табиат ҳақидаги шеърлари йиғилганларнинг олқишларга сазовор бўлди.

Адабий кеча сўнгида мактаб кутубхонасини бойитиш мақсадида ташриф буюрган шоирлар томонидан китоблар топширилди. Шеърият базми мушоирага бой ва қизиқарли тарзда ўтди. Тадбирдан ўқувчи ёшлар ўзларига керак бўлган маънавий озуқага эга бўлишди.

Мирзоқул АҲАДОВ,

«Постда» мухбири.

Бухоро вилояти.

Муаллиф олган сурат.