Бу йил юртимизда энг улуғ ва энг азиз байрам – мустақиллигимизнинг 33 йиллик шодиёналари чинакам умумхалқ байрами, озодлик ва саодат айёми сифатида ҳар йилгидан кўра кўтаринки руҳда, ютуқ ва муваффақиятлар билан нишонланмоқда.

Байрам муносабати билан Фарғона вилояти Иибда тантанали тақдирлаш маросими ташкил этилди. Тадбирда бошқарма бошлиғи, генерал-маёр Азизбек Икрамов жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдек машаққатли хизматни шараф билан адо этиб келаётган ходимларни, фахрий-устозларни самимий муборакбод этди.

Шундан сўнг анжуман иштирокчиларига Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.

Байрам арафасида Президентимизнинг тегишли фармонига асосан, вилоят ИИБ ЖЦБ бошлиғи, полковник Илҳом Эргашев “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирлангани ғурур билан эътироф этилди. Шунингдек, профессионал касбий маҳоратини намоён этиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган яна бир гуруҳ фидойи ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан идоравий кўкрак нишонлари, вазирликнинг ташаккурномаси ҳамда эсдалик қўл соати билан мукофотландилар.

Бундан ташқари, вилоят Иибнинг тегишли буйруғи билан 874 нафар ходим пул мукофотлари билан тақдирланди, 24 нафар ходимнинг интизомий жазоси рағбатлантириш тариқасида муддатидан олдин олиб ташланди. Яна бир гуруҳ ходимларга эса навбатдаги махсус ҳарбий унвонлар берилди.

Тақдирланган ходимлар сўзга чиқиб, кўрсатилган эътибор учун вазирлик ҳамда вилоят ИИБ раҳбариятига самимий миннатдорлик билдиришди. Берилган мукофотга муносиб тарзда халқимизга садоқат билан хизмат қилишга сўз беришди.

Абдувосит Сидиқов,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.