Хоразм вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-маёр Б.Мирзарахимов вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига ташриф буюрди. Вазир ўринбосари бошқармада хизмат ходимлари учун яратилган шароитлар билан танишди. Сўнгра Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонасида бўлиб, у ердаги ходимларнинг сайёҳлар ва тарихий обидалар хавфсизлигини таъминлашдаги хизмат фаолиятини ўрганди.

Шундан сўнг, генерал-маёр Б.Мирзарахимов вилоят Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ва унинг “Хива” бекати фаолияти билан ҳам танишди. Ўрганишлар давомида ходимларга хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, юклатилган вазифаларни аъло даражада бажариш ҳамда салбий ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан зарур тавсиялар берди.

Вазир ўринбосари вилоят ички ишлар органларидаги соҳавий хизматлар фаолиятини ўрганиш жараёнида шахсий таркибни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларга зарур хизмат шароитларини яратиб бериш, имтиёзлардан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди ва келгусида бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.

Хоразм вилояти.