Отаси Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси ташхис марказида шифокор, онаси ҳамшира бўлиб ишлаган. Серфарзанд оилада камолга етган Шаҳноза опа-сингиллари орасида энг шаддод, зийрак, чўрткесар бўлиб улғайди. Шунинг учун ҳам отаси «Ўғлимиз бўлмаса ҳам, шу қизим ўғил бола ўрнини босади», деб доим фахрланарди.
2006-йилда ИИВ Академиясини тергов фаолияти мутахассислиги бўйича муваффақиятли тамомлаган Шаҳноза Марғилон шаҳар Иибда терговчи, кейинчалик вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича инспектор вазифасида, ҳозир эса Сўх туманига хизмат қилаяпти.
Туман вилоят марказидан анча узоқ бўлса-да, машаққатлар уни сира чўчитмади. Аксинча, ўз ишига сидқидилдан ёндашиб, чегара ҳудуд аёлларининг дард-у ташвиши билан яшай бошлади. Бугун жонсарак катта инспекторни Сўхнинг барча маҳаллаларида ёш қизлардан тортиб, кайвони онахонларгача яхши танишади.
Фаолияти давомида аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида тумандаги мавжуд 27 та маҳаллада жуда кўплаб учрашувлар, давра суҳбатлари, танловлар ўтказаётган лавҳамиз қаҳрамони ҳар бир оилага кириб боришга ҳаракат қилади. Натижада маҳаллаларда муҳит сезиларли даражада яхшиланиб, хотин-қизлар жиноятчилиги камайишида унинг ҳиссаси катта бўляпти.
2021-йилда рейтинг натижалари таҳлилларига асосан, унга муддатидан олдин «подполковник» махсус унвони берилиши, худди шу йили касб байрами арафасида Мудофаа вазирлиги томонидан ИИИ даражали «Намунали хизмати учун» кўкрак нишони билан мукофотланиши унинг хизматига берилган баҳодир.
Подполковник Ш. Шодмонова ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан бирга ИИБ ҳисобида турган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиб чиқиб, амалий ёрдам кўрсатишда фаол. Аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларга тиббий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, субсидия асосида асбоб-ускуналар олиб беришда бош-қош.
– Сўх тумани Иибда менгача бирорта аёл ходима ишламаган экан, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Ҳар қанча қийин бўлмасин, тоғлик туман аҳолисига сидқидилдан хизмат қиляпман. Чунки Сўх ҳам Ўзбекистоннинг бир бўлаги. Ватани ва танлаган касбини яхши кўрган инсон, ҳар қандай шароитда ҳам ишлаб чарчамайди. Мен ҳам сўхликларни жуда яхши кўраман. Шу боис ҳар куни қиладиган ишимни эрта тонгда режалаштириб, маҳаллаларни айланишни одат қилганман. Кундалик фаолиятимда адашган бир аёлни тўғри йўлга бошласам, бир оилани ажралишдан сақлаб қолсам, кимнингдир муаммосини ҳал қилишга ҳиссам қўшилса, ўша куни ўзимни бахтли ҳис қиламан.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
