Бир аёл пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” муз саройининг олдига ўзининг “Спарк” русумли автуоловини қўйиб, ўз юмуши билан ичкарига кириб кетади. Қайтиб чиқиб ҳарчанд уринмасин “темир тулпорини” ўт олдира олмайди. Кун совуқ. Бунинг устига автомашина тузатишни билмайдиган ожиза нима қилишни билмасдан, совуққотиб турганида шу атрофда хизмат вазифасини ўтаб юрган патрул-пост хизмати ходимлари унинг жонига оро киради.

Яккасарой тумани ИИОФМБ ЖЦБ ППХ отряди ҳайдовчиси, сафдор Жавоҳир Тўлаев ва отряд ходими, сафдор Азизбек Рамазонов автомашинани у ёқ бу ёғини кўриб тузатиб беришади. Аёл осойишталик посбонларига ўз миннатдорлигини билдириб, манзили томон йўл олади.

Сафдор Азизбек Рамазонов 1991-йилда таваллуд топган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2011-йилда бошлаган. Ҳозирги лавозимида 2021-йилдан буён хизмат қилиб келмоқда.

Сафдор Жавоҳир Тўлаев эса 2003-йилда туғилган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2023-йилнинг май ойида бошлаган.

Сарвар СОБИРОВ,

ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри.