Иштирокчилар сони ва фаолият йўланилиши чегараланмагани боис ўқув-машғулотнинг биринчи кунида профессионал журналистлар билан бир қаторда, талаба ва ҳаваскорлар, ҳатто Шанхай Журналистика ва коммуникация академияси докторантигача қатнашди.
Дастлаб Судялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров суд жараёнларини ёритишда жонбозлик кўрсатаётган журналист ва блогерларга алоҳида миннатдорлик билдирди. Сўнг ўқув курсидан кўзланган мақсад суд-ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган ОАВ вакилларининг касбий малакасини оширишга кўмаклашиш, хусусан, суд жараёнларини ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан таништириш, судялар билан журналистлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат эканини таъкидлади. Шунингдек, ўқув машғулотлари қуруқ маърузабозликдан иборат бўлмаслигини айтиб, иштирокчиларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда мавзуларга қўшимча ёки ўзгартиришлар киритилишини билдирилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев ҳам сўз олиб, ўқув машғулотларида оладиган билимлари ва орттирадиган кўникмалари журналист ҳамда блогерларнинг келгуси фаолиятида асқатадиган тавсияларга бой бўлишига умид билдирди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сафар Остонов ҳамда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев мамлакатимизда суд мустақиллиги, судялар дахлсизлиги ва сўз эркинлиги борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига эътибор қаратиб, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришишҳуқуқий асос бўлаётганини таъкидлашди.
Илк ўқув-машғулотлари оммавий ахборот воситаларида суд процессларини ёритишнинг ўзи хос жиҳатлари, бу жараёнда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинган қонун ҳужжатлари хусусида сўз юритилди.
Кейинги машғулотлар мавзуси ахборот хавфсизлиги масалалаларига бағишланиши маъқулланди. Унга парламентнинг қуйи палатаси депутати, таниқли адиб ва журналист, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад ва Журналистика ва оммавий коммуникациялар унверситети проректори Нозима Муратова таклиф этилди.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, машғулотлар бир вақтнинг ўзида икки шаклда — бевосита ва билвосита (онлайн) ўтказилади. Икки ҳафта давомида ҳафтанинг душанба, чоршанба ва жума кунлари соат ат 15.00 – 17.00 гача бўлиб ўтади.
Ўқув-машғулотлари бепул ва унда иштирок этиш чегараланмаган.
Адолат ФАЙЗИЕВА.
«Постда» мухбири.
