Қудачилик – мингйилчилик, деган гап бор. Бунинг замирида қудали бўлган одам мулоҳазали, муросали бўлиши кераклиги, шу тарзда муносабатларнинг олтин ўрталиғини ушлаб туриши ва оила қурган фарзандларининг тинч-тотувликда яшашларини таъминлаши лозимлиги ётади. 

Таассуфки, айримларнинг кибри, мулоҳазасизлиги ана шу минг йил қадрланадиган муносабатларга путур етказиб қўяди. Шеробод туманида бўлган воқеа бунга бир мисол бўлди.

Чиғатой маҳалласида яшовчи П.Т. исмли аёл кечки пайт шу маҳалладаги қудаси О.П.нинг уйига меҳмонга боради. Меҳмондорчиликда қудасининг акаси О.Х. билан олдиндан оилавий келишмовчиликларини ошкор этиб, ўтган гап-гиналарни қўзғайди. Натижада иккала қуданинг ўртасида келишмовчилик келиб чиқади. Даҳанаки жанг жанжалга айланади ва О.Х. аёлни қўли билан уриб, тан жароҳати етказади, дея хабар беради вилоят ИИБ ахборот хизмати. 

Оқибатда қўлига эрк берган О.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. 

Суяксиз тил яна бир оиладаги муҳитга рахна солиши мумкинлиги ҳақида ҳар икки томон ҳам ўйлаб қўришса, шундай ҳолатгача боришмасмиди...

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

“Постда” мухбири.

Сурхондарё вилояти.