Истеъфодаги полковник Аминбой Бобожонов 1953-йил 3-мартда Тўрткўл туманида таваллуд топган. 1972–74-йилларда Ленинград ҳарбий округида хизмат қилган А. Бобожонов келажакда юрист бўлишни хоҳлагани боис кўпроқ шу соҳага оид китобларни мутолаа қиларди. Ўқиб-ўрганишдан тўхтамаган ёш йигит армия сафидан кичик сержант унвонида юртига қайтади.
Орадан бироз муддат ўтиб, Тошкент Олий мактабига номзодлар қабул қилинаётганини эшитиб, ҳужжатларини топширишга қарор қилади. Натижада Қорақалпоғистон Республикасидан борган 40 нафар номзоддан ўқишга қабул қилинган 10 нафар йигитнинг бири бўлади. 1978-йили ўқишни тамомлаб келгач, Қорақалпоғистон Республикаси Иивда Штаб инспектори лавозимида илк хизмат фаолиятини бошлайди.
Штаб бошлиғи, подполковник В. Свечников, подполковник А. Қарасаев, генерал-маёрлар У. Утемуратов, Ж. Шилманов, полковник
И. Долгопол каби устозларидан касб сирларини ўрганган Аминбой ака кейинчалик қатор масъулиятли вазифаларда хизмат қилди. Хусусан, 1980–1981-йилларда Амударё туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, 1981–1990-йилларда Нукус, Беруний тумани ИИБ бошлиғи, 1991-йили Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг, кейинчалик эса Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида самарали фаолият олиб борди.
Кўп йиллик хизмати давомида тажрибали раҳбарлик жиҳатлари билан чекланиб қолмасдан, хавфли жиноятчиларни қўлга олишдек қатор тадбирларда шахсан иштирок этиб, ажал билан юзма-юз келган пайтлари ҳам учрайди.
А. Бобожонов 2001–2002-йилларда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, сўнгра Тахиатош, Нукус шаҳар ИИБ бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Иивда бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаб, 2010-йили пенсияга чиқади. Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, истеъфодаги полковник Аминбой Бобожонов кўп йиллик хизматлари муносиб баҳоланиб, Президент фармонига кўра, ИИ даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган.
– Биз хизмат қилган йиллар анча мураккаб даврлар эди. Устозлардан ўрганганларимиз, қийин даврлардаги ҳаётий тажриба хизмат фаолиятимизни талаб даражасида ўтказишда анча қўл келган. Бугунги кунлар бошқача. Барча шароитга эга бинолар, автомобиллар, хизматда фойдаланиладиган техника воситалари ходимлар учун муҳайё қилинган. Ҳозирги авлодга ҳавас қиламан ва айни пайтда улардан шунга яраша хизмат қилишларини, элимиз, юртимиз осойишталигини таъминлашда фидокорлик намуналарини кўрсатишларни тилаб қоламан, – дейди Аминбой Бобожонов.
У пенсияга чиққани билан соҳадан узоқлашиб кетмади. Бугунги кунда вазирликнинг ёш ходимларини бурчга масъулият, касбига содиқлик руҳида тарбиялаш, тажрибаларини оширишда фаол иштирок этиб келмоқда.
Азамат ПИРНИЯЗОВ,
ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.
